Гаитига “Мэтью” бўрони ёпирилди, Тошкентда “Ислом ота” жоме масжиди очилди, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилди...
3 октябрь, душанба
Грецияда нафақахўрлар пенсия миқдори камайтирилишига қарши намойишга чиқишди. Тахминан бир ярим мингга яқин нафақахўр Греция Бош вазирининг уйи олдида йиғилган ва уйга киришга уринган. Бироқ полиция кўзни ёшлантирувчи газ қўллаган ҳолда намойишни тарқатишга муваффақ бўлган.
Россиянинг Барнаул шаҳрида истиқомат қилувчи Константин Глухарев 16 қаватли уйлар орасига тортилган, 60 метр баландликдаги осма арқондан юриб ўтди. Осма арқоннинг узунлиги 30 метр бўлган.
4 октябрь, сешанба
Туркияда ёнбошлаб олган мушукка ҳайкал қўйилди. Ҳайкалнинг очилиши бутунжаҳон ҳайвонлар куни – 4 октябрга режалаштирилган эди. Бу мушук ўзига хос туриши билан барчанинг эътиборини торган ва ижтимоий тармоқда анча машҳур бўлган.
Суриянинг Алеппо шаҳрида террорчилар томонидан университет шаҳарчаси ҳамда унга яқин маҳаллаларнинг ўққа тутилиши оқибатида беш нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди ва 30 киши яраланди. Университет шаҳарчаси билан бир қаторда, ал-Меридиен, ас-Сабил ва Сулаймон ал-Халибий туманлари ўққа тутилди. Қурбонларнинг аксарияти – талабалар, болалар ва аёллар.
5 октябрь, чоршанба
Гаитига кучли бўрон ёпирилди. Бу сўнгги ўн йил ичида энг даҳшатлиси бўлди. Шамолнинг тезлиги 230 км/соатга етади. 70 минг аҳолига эга шаҳар сув остида қолди. Кўпчилик сувдан қочиб уйнинг томига чиқиб олган.
Жанубий Кореяда “Чаба” тайфуни 7 кишини ҳаётдан олиб кетди. 3 нафар одам бедарак йўқолган. 508та иншоот, минглаб машиналар катта зарар кўрди. 200дан ортиқ аҳоли уйлари электр таъминотидан узилиб қолди.
6 октябрь, пайшанба
Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйдилар ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Жаҳон чемпионати 2018 саралашининг учинчи босқичи, учинчи тури доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга қарши майдонга тушиб, 0-1 ҳисобида мағлуб бўлди.
Учрашувдаги ягона гол биринчи бўлимнинг 27-дақиқасида Эрон жамоаси аъзоси Жалол Ҳусайний томонидан киритилди.
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўйин ҳақидаги фикрларини билдирар экан, бу мағлубиятга Одил Аҳмедовнинг майдонга туша олмагани ва Сардор Рашидовнинг ўз даражасида ўйнай олмаётганини сабаб қилиб кўрсатди.
“Венесуела гўзали” танлови ғолиби аниқланди. 22 ёшли Кейси Сайаго мамлакатнинг энг гўзал қизи деб топилди. Ғолиб “Дунё гўзали” танловида иштирок этади. Танлов шу йилнинг декабрида ўтказилади.
7 октябрь, жума
Тошкентдаги “Жўрабек” масжиди қайта таъмирланиб, унга “Ислом ота” жоме масжиди номи берилди. Масжиднинг очилиш маросимида унинг таъмирланишига бош-қош бўлган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ва куёви Темур Тилляев иштирок этди.
Номаълум шахслар томонидан East River дарёси устидан қурилган Манхэттен кўпригига Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг портрети осиб қўйилди. Катталиги тахминан 6 метрга 10 метр келадиган портрет остига “Тинчлик ўрнатувчи шахс” деган ёзув битилганди.
Исландияда “Узуклар ҳукумдори” филмидаги Сауроннинг кўзини эсга солувчи шимол ёғдуси пайдо бўлди. Фотограф Хадльгримюр Хальгасон мазкур шимол ёғдусини Клейварвант кўлида тасирга олган.
8 октябрь, шанба
Соат 06:00да Анқарада полиция операцияси вақтида таслим бўлиши айтилиши билан икки нафар террорчи ўзини портлатиб юборди. Террористлар йўлдаги автомобиль ёрдамида теракт уюштиришни режа қилган. Полиция ходимлари уларни қуршаб олган ва таслим бўлишни буюрган. Террористлар эса ўзларини портлатган. Воқеа жойидан портловчи мослама тайёрлашда ишлатиладиган 200 кг модда топилган.
Гаитида “Мэтью” довули қурбонлари сони 877 кишига етди. 350 мингга яқин киши ёрдамга муҳтож, довулдан энг кўп азият чеккан ҳудуд – оролнинг жанубида. Ҳозиргача 3,2 мингдан ортиқ турар-жой вайрон бўлган. “Мэтью” Жоржия ва Жанубий Каролина штатларига қараб сониясига 5,5 метр тезликда ҳаракатланмоқда. Мазкур икки штат, шунингдек, Флорида ва Шимолий Каролинада фавқулодда ҳолат эълон қилинган.