...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда


18:00, 13.08.2016 Олам
 11 111

Ўртаер денгизида мигрантлар ўлимдан қутқариб қолинди, Португалияда табиий ёнғинлар, Флоридада бўрон, Олимпиадада арманистонлик спортчи қўлини даҳшатли равишда синдириб олди, ўзбекистонлик боксчи финалга йўл олди.

Ҳаш-паш дегунча яна бир ҳафта ўз поёнига етиб бормоқда. Ўтиб бораётган ҳафта  сайёрамизда гоҳ йиғлатувчи, гоҳ кулдирувчи ёки фикрлашга ундайдиган турли хил воқеаларга бой бўлди. Биз уларнинг баъзиларини сайтимиз орқали ёритишга ҳаракат қилдик,   айримлари эътиборимиздан четда қолиб кетди. Қуйида ҳафтанинг муҳим ва қизиқарли воқеаларини суратларда тамоша қилинг.
 
АҚШ президенти Барак Обама оиласи билан Массачусетс штатидаги гольф майдонларидан бирига кетаётган пайтда йўл четида турган ишчи унинг кортежига қарата Трамп деб ёзилган картон қоғозни тутиб турди. 2016 йил 8 август.


 
Португалиянинг Мадейра оролида келиб чиққан табиий ёнғинлар натижасида кўплаб уйлар вайрон бўлди. Фунчал туманида 250дан ортиқ одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди. Суратда ёнғин туфайли пайдо бўлган улкан тутун. 2016 йил 9 август. 


 
2015 йилнинг ноябрида Россияга тегишли Су-24 самолётининг Туркия томонидан уриб туширилиши натижасида икки давлат ўртасидаги муносабатлар анча совуқлашиб қолган эди. Бироқ  Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Санкт-Петербург шаҳрига россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашиш учун амалга оширган ташрифи икки давлат орасидаги алоқаларни тиклашга катта туртки бўлди. 2016 йил 9 август.


 
Яман пойтахти Санада уйидан ажралиб харобада яшаётган аёл боласининг танасидаги тошмани кўрсатмоқда. Яманда 2015 йилнинг ўрталаридан буён фуқаролик уруши давом этиб келмоқда.  2016 йил 10 август.


 
АҚШ демократлар партиясининг мамлакат президентлигига номзоди Хиллари Клинтон Айова штатидаги Линколн олий мактабида нутқ сўзлаётган пайтда унга қаршилардан бири минбарга югуриб келди. Суратда хавфсизлик ходимлари Клинтон хонимни қўриқламоқда. 2016 йил 10 август. 


 
АҚШнинг Флорида штатининг Дайтона соҳилида кучли бўрон юзага келди.  2016 йил 10 август. 


 
Ўбекистонлик боксчилар Рио-де-Женейро шаҳрида ўтказилаётган Олимпиадада мардонавор юриш қилмоқда. Боксчи Ҳасанбой Дўстматов ярим финал баҳсида америкалик рақибини доғда қолдириб, финалга йўл олди. Суратда Ҳасанбойнинг қозоғистонлик боксчи устидан қозонилган ғалабадан сўнг ҳайқириғи тасвирланган.  2016 йил 11 август. 


 
Бразилиянинг Рио-де-Женейро шаҳрида ўтаётган Олимпиада ўйинларининг хавфсизлигини таъминлаётган полиция офицерлари хароба масканлардан бирида безориларнинг ҳужумига тушиб қолди.  Улардан бири бошига теккан ўқ натижасида ҳалок бўлди. 2016 йил 11 август.


 
Рио Олимпиадасида иштирок этаётган арманистонлик оғир атлетикачи Андраник Карапетян 196 килограмлик тошни кўтариш пайтида даҳшатли равишда қўлини синдириб олди. 2016 йил 11 август. 



Инсоннинг жонизотга нисбатан ғамхўрлиги. Суратда Индонезиянинг Марказий Ява оролидаги соҳиллардан бирида ноқулай об-ҳаво натижасида денгиз қирғоғига чиқиб қолган делфинни болалар сувга қайтариш учун ҳаракат қилишмоқда. 2016 йил 12 август. 



Ўртаер денгизининг Ливия қирғоқлари яқинида Нигерия ва Кот-д’Ивуар мамлакатларидан бўлган мигрантлар ҳалокатдан қутқариб олинди. Улар Италияга йўл олган эдилар. Суратда қутқарув кемасининг бортидаги мигрантлар.  2016 йил 12 август.
Руслан Сулаймонов

Теглар:Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!