Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ўзи билан боғлиқ видеолавҳалардан кейин режиссёрлардан келаётган таклифларга рад жавобини беряпти. Актриса бундай буён қайнона ролини ўйнамоқчи эмас.
Саида Раметова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
— Шу кунларда халқ хизматларида кўп бўляпман, мухлисларим, томошабинлар билан учрашяпман. Уларнинг кўпчилиги видеолавҳаларни тўғри қабул қилишганини, мен ҳақимда нотўғри хаёлга бормасликларини, бу видео саҳна кўринишидан олингани шундоқ билиниб турганини айтишмоқда. Мени тушунадиган, вазиятга холис баҳо бера оладиган мухлисларим борлигига шукур қиламан.
Шунча йиллик ижодим давомида қанча мавтовлар эшитган бўлсам, булар орасида танқидлар ҳам бўлди. Мен бундан хурсандман, чунки одамлар ижодимга бефарқ эмаски, мени танқид қилишади.
Телефонлар орқали тарқалган видеодан кейин “Саида опа, энди бундай ролларни ўйнаманг. Одамлар барибир тушунишмас экан”, деганлар кўп бўлди. Уларнинг гапида жон бор. Ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келдим: бундан буён бачкана фильмларда суратга тушмайман. Қайнона ролларини ҳам ўйнамоқчи эмасман. Кеча театрга бориб, сўнгги бор “Андишали келинчак” спектаклида ролимни ижро этдим ва раҳбариятга бу спектаклдан мени олиб ташланглар, энди бундай ролларни ўйнамоқчи эмасман, деб айтдим.
Етар, шунча йил боримни санъатга баҳшида этиб, охир-оқибат топганим ўша видеолавҳа бўлди. Шу йўл билан мени ёмонотлиқ қилмоқчи бўлганларга инсоф сўрайман.