“UzOnline”нинг ҳар 15 дақиқада ўчиб-ёнишига одатланиб ҳам қолдик. Операторга қўнғироқ қилсанг, “бизда ҳаммаси яхши”, дейди. Қўл силтайсан, кетаверасан. Бироқ...
Сиз кунига қанча мб интернет сарфлайсиз? Шу саволни сизга беряпман-у, ўзим ҳеч кунига қанча мб интернет харж қилишимни, бунга қанча маблағ ишлатилишини ҳисоблаб кўрмаганман. Менимча, сиз ҳам шундай! Лекин интернет яхши ишласин, деб энг қимматини танлаймиз. Рекламаларга учамиз, берилаётган таклифларга маҳлиё бўламиз. Пулини тўлаймиз-у, сифатидан нолиймиз. Нолиганингиз қаергача боради? Қайсидир операторнинг иш столида қолиб кетмаса, омадингиз чопгани – шу. Қолиб кетса ҳам ҳеч куюнманг. Бир кун – минг кунми? Интернетингиз ишламаса ишламабди-да!
Яқинда ўзим билан ҳудди шундай ҳолат яна бир бор кузатилди. Яна бир бор, дейишимнинг ўзига яраша сабаби бор. Чунки, мен содиқ абоненти бўлган “UzOnline” билан боғлиқ бундай воқеалар таниш-билишларда, қўни-қўшниларда ҳам тез-тез рўй бериб туради.
Кўп қаватли уйимизга оптик толали интернет ўрнатилганига 3 йил бўлиб қолди. Уч йилдирки, “UzOnline”га содиқ қолдим. Менга уйга қайтганимда ва ишга кетаётганимда, қолаверса, дам олиш кунлари интернет ишлаб турса бўлди. Лекин сўнгги пайтлар шу бир неча соатлик сифат ҳам дариғ тутилаётгани кишини аччиғини келтиради, кўз ўнгида сарфлаётган пуллари гавдаланади.
“UzOnline”нинг ҳар 15 дақиқада ўчиб-ёнишига одатланиб ҳам қолдик. Операторга қўнғироқ қилсанг, “бизда ҳаммаси яхши”, дейди. Қўл силтайсан, кетаверасан. Бироқ...
8 дан 9 мартга ўтар кечаси уйда чироқ ўчди. Табиийки, интернетда ҳам узилиш бўлади. Тонг отди, чироқ ёнган-у, бир неча соат ўтса ҳамки, интернетдан дарак йўқ. “UzOnline”нинг бирдан бир ишонч рақами – 1084 га “чексиз ишонч” билан қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарган оператор хушмуомалаликни бирам ўрнига қўядики, нима муаммо билан телефон қилганимни ҳам унутаёздим.
Соат 9:30 атрофи
– Кеча чироқ ўчганди, кейин ёнди. Подъездимизга ўрнатилган мосламага ҳали ҳам электр токи етиб келмаган кўринади (бундай ҳол аввал ҳам бўлгани учун муаммо подъезддаги мосламада эканини яхши билиб қолганмиз), ишламаяпти.
— Яхши, бугун кун давомида усталар бориб, улаб беришади.
Жавобдан хотиржам бўлдим. Уйга қайтганимда интернет ишлаб турса бўлди, кундуз уйдагилар интернетга киришмайди, деган ўй билан йўлга чиқдим.
Шу куни ишлар кўпайганидан “UzOnline”га қайта-қайта қўнғироқ қилиб огоҳлантиришни унутибман. Боиси, улар битта қўнғироқ билан иш битиришга одатланмаган.
Йўқ, ёмон ўйларни ҳаёлингдан чиқар! Президент интернет сифатига шахсан ўзи эътибор қаратди, балки “UzOnline”да ҳам ўзгаришлар бўлгандир... Шундай деганча уйга қайтдим. Соат 18:30, лекин ҳамон интернет ёнмаганди. Кўпчилик ишхоналарда иш вақти соат 9:00 дан 18:00 гача. Мен билан гаплашган оператор ҳам шуни назарда тутган ҳолда кун давомида интернетни тиклашади, деган жавобни берганини хотирлаб, яна “UzOnline”га сим қоқдим.
Бу гал гўшакни бошқа оператор кўтарди. Яна муаммони бошидан англатдим.
— Иш вақти тугади. Сизга хизмат кўрсатувчи туманингиздаги “Узбектелеком”да иш соати соат 18:00 гача. Бугун – жума. Шанба ва якшанба кунлари техниклар ишламайди, ҳурматли мижоз! Душанба куни барча муаммолар бартараф этилади.
— Мен душанбагача интернетсиз ўтираманми? Жума, шанба, якшанба, йўқ тўхтанг, ҳали ишлаб-ишламаслигини номаълум интернетга бир ой учун пулини олдиндан тўлаб қўйган бўлсам... Ё пулни қайтарасизларми? Қайтармайсизлар! Шундай экан, нега эрталаб телефонга жавоб берган оператор менга кун давомида бориб, техник хизмат кўрсатишади деди?
— Бунисини мен билмайман. У операторлар соат 18:00 гача ишлайди. Ҳозир бизнинг навбатчилик бошланди. Биз фақат шикоятларни қабул қилиб, техник хизмат кўрсатувчиларга етказамиз.
— Шикоятларни назорат қилиш тизими йўқми? Сиз фақат етказувчи даллол бўлсангиз, интернет тикландими, йўқми, буни ким текширади?
Саволларим жавобсиз қолди. Ҳалиги йигит мени навбатчи операторлар бошлиғи билан улади. Ўзини Алишер Султонов деб таништирган йигит, барча операторларга ҳос хушмуомалалик билан вазиятдан чиқишга ҳаракат қилди (менга шундай туюлди). Унинг ҳам топиб олгани бир гап: “Биз шикоятларни қабул қиламиз, хизматни тумандаги “Ўзбектелеком” кўрсатади. Назорати ҳам уларнинг бўйнида...
Тортишув анча давом этди. Соат ҳам 19:40 дан ошди. Гўшакни қўйишдан аввал, “Ҳозир мен техникларга хабар бераман, улар сиз билан боғланишади”, деди.
Соат 20:20 гача мен қайта-қайта қўнғироқ қилдим, у эса такрор ва такрор аниқ жавоб бера олмаслигини, мен билан техник гуруҳдагилар боғланишини айтди. Ўша пайт подъездга қўлида сумка кўтарган бир йигит кирди. Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас телефон жиринглади. “Алло, интернет бўйича шикоят қилган экансиз. Текширинг, ишлаяптими?”
Интернет 5 дақиқадан кейин ишлай бошлади.
5 дақиқа билан битадиган иш учун қанча асаб бузарлик, тортишув... Қайсидир ходимнинг масъулиятсизлиги, ўз ишини вақтида бажармаслиги, одамларнинг пулига, кетказаётган вақтига беписанд қараши хизмат кўрсатувчи компания ва мижоз ўртасидаги муносабатларга дарз кетказиб, ишончсизликни келтириб чиқармоқда. Аслида бундай муаммоларнинг юзага келишига “Ўзбектелеком”да иш тўғри ташкил этилмагани сабаб. Қизиқ, бунга компания раҳбарияти айбдорми ёки техник хизмат кўрсатувчилар.
Шу куни чироқ фақат бизнинг уйда ўчмагани аниқ. Агар бу ҳолат тўрттадан подъезди бор яна ўнта кўп қаватли уйда кузатилган бўлса, менга ўхшаган қанча одам операторлар билан “савдолашди” экан?..
Бу тушунча хорижда энг асосий қоида. Чунки рақобат бор. Бизда эса “Ўзбектелеком” ва бошқа интернет провайдерлар нархлари ўртасидаги номутаносиблик, кўп қаватли уйларда кўпчилик аҳоли “UzOnline”ни танлашига сабаб бўлади. Сифат эса сизга ҳикоя қилганимдек.
МДҲ давлатларида интернетнинг ўртача тезлиги бизникидан 10 марта юқори. Биз тезликни қўя турайлик. Ҳар кун уйга келганимда интернет ўчиқ бўлмасин-да ишқилиб, деган ўй билан остона хатлайдиган бўлсак, тезлик ҳақида ўйлашимизга анча борга ўхшайди. Пойтахт Тошкентда аҳвол шу зайил бўлса, чекка-чекка ҳудудларни тасаввур қилишга қўрқасан киши.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9 январь куни ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш ўтказганди.
Президент мутасаддиларга Интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида 4 баробарга ошириш, 2020 йилгача эса МДҲ давлатлари даражасига етказиш чора-тадбирларини кўриш бўйича зарур топшириқ берди.
Топшириқлар бўйича амалга оширилган ишлар самарасини абонентлар кўряптими?
2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”нинг икки ярим ойини яшаб қўйдик. Мамлакатда бир неча йиллардан буён соҳаларда рақамли хизматларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Интернетнинг сифати бу бўлса, рақамли тизимга ўтишдаги муаммоларни қўяверинг...
Аслида бундай ҳолат нафақат “UzOnline”да балки бошқа интернет компанияларида ҳам учрайди. Ишимиз интернет билан боғлиқ бўлгани учун Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Netco Telecom”, “Skyline”, “Nano Telecom”, “Sarkor Telekom” каби ўнлаб компаниялардаги интернет ва техник хизмат сифати “UzOnline”никидан қолишмаслигини яхши биламиз. Хўш, сизнинг фикрингиз қандай. Сиз қайси компания мижозисиз, тўлаётган пулингизга яраша кўрасатилаётган хизматдан қониқасизми?
“Qalampir.uz” интернет-нашри раҳбари