Ватанфуруш, жиҳодчиларга қўшилган Асрор бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлади.
Воқеалар ривожига кўра, кекса ота яккаю ягона ўғлини “оқ” қилади. Сабаби, уюшган жиноий террорчилар гуруҳига қўшилган ўғил Ватани, ота-онаси, оиласига хиёнат қилиб, қўлларини қонга ботиради. Ватанфуруш, жиҳодчиларга қўшилган Асрор бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлади. Оқпадар ўғил қилмишига яраша жазосини олади. Бироқ отасини эл ичида уятга қолдиргани, юзини шувут қилгани, қаддини буккани-чи? Наҳотки нобакор фарзандлар шу ҳақда ўйлашмаса? Бунинг учун қандай жазо бор?
– “Оқпадар” пьесасида ёшларни турли найранглар билан ўз домига илинтираётган жиноий гуруҳ фаолияти ёритилган, – дейди театр бош режиссёри Ҳабибулло Абдуллаев. – Қаҳрамонлар бўлган ёш замондошларимиз оғир синовлар, турли йўқотишларга дуч келадилар. Бугунги кун воқелиги акс этган “Оқпадар” драмаси томошабинларни, халқимизни огоҳликка, ҳушёрликка чорлайди. Зотан, терроризмга қарши курашиш барчанинг вазифасидир.
Спектаклдаги асосий ролларни Каттақўрғон шаҳар драма театрининг тажрибали ва ёш актёрлари Т.Халилов, У.Тиллаев, Ж.Ахматов, Қ.Расулов, Р.Ниёзов, Ў.Очилов, Н.Салимов ижро этишмоқда.
Маълумот учун: драматург Сардор Ҳамроевнинг “Темурғози”, “Бахт излаган бахтсизлар”, “Баҳодир” ва “Гумроҳ” номли тарихий ва замонавий мавзудаги пьесалари бўлиб, уларнинг баъзилари саҳналаштирилган.