...
МЕНЮ
ONLINE TV

Юлдуз, Озодбек, Гулсанам эмас! Каримовлар оиласининг энг севимли хонандаси бошқа бўлган


12:29, 03.09.2018 Жамият
 42 794

Бу хонанданинг қўшиқларини Ислом Каримов ҳам, унинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ҳам яхши кўргани алоҳида қайд этилди.

Хабарингиз бор, кеча, 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этганига икки йил тўлиши муносабати билан “Оқсарой” қароргоҳида хотира маросими бўлиб ўтди. Маросимга Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова бошчилик қилди.
 
Тадбирда Ислом Каримов билан бирга фаолият юритган, уни яқиндан таниган кишилар ўз хотираларини йиғилганлар билан бўлишди. Бошловчи уларни микрофон қаршисига таклиф этаркан, ҳар бирига алоҳида таъриф берди. Ким Каримовлар оиласининг қадрдони, ким энг эътиборга тушган журналистлигини урғулади.
 
Бошловчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархонни саҳнага таклиф этаркан, бу хонанданинг қўшиқларини Ислом Каримов ҳам, унинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ҳам яхши кўрганини алоҳида айтиб ўтди.
 
Севара Назархон Ислом Каримов ва Татьяна Каримова ҳақида илиқ фикрларини билдирди. “Отажонимсиз” номли қўшиғини куйлади. У саҳнадан тушгач, Татьяна Каримова билан самимий қучоқлашиб кўришди, унинг қўлидан тутиб суҳбатлашди. Улар анчадан буён танишлиги ва тез-тез учрашиб туриши юз-кўзларидан маълум эди.
 
Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлган даврларда кўплаб хонандалар фаолиятида янги давр бошланди. Кўпларнинг энг гуллаган даври ҳам айнан Ислом Каримов фаолият юритган йилларга тўғри келади. Айтайлик, Гулсанам Мамазоитова, Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова каби хонандалар Ислом Каримовнинг назарига тушди, унинг қўлидан Ўзбекистон халқ артисти унвонини олдилар. Наврўз, Мустақиллик байрамлари, Конституция қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган тантаналар уларнинг қўшиқлари билан якунланарди. Ҳатто, Ислом Каримов тадбирларда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг қўшиқларига рақс тушарди. Бироқ, уларнинг ҳеч бири кеча ўтказилган тадбирда иштирок этмади. Каримовлар оиласининг энг севимли хонандаси сифатида эса Усмонова, Назарбеков, Мамазоитова эмас, Севара Назархоннинг номи қайд этилди.
 
Ҳолбуки, Севара Назархон кўп йиллар расмий тадбирлардан узоқда бўлди. Қолаверса, унинг Гулнора Каримова билан ўртасида оламушук ўтгани ҳақида ҳам узунқулоқ гаплар бор эди. Бироқ, у ҳамиша Лола Каримова-Тилляева билан яқин бўлган. Тадбирларида фаол иштирок этган.
 
Тадбирда Севара Назархондан ташқари, Ўзбекистон халқ артистлари Муяссар Раззоқова, Насиба Абдуллаева, Изро Малаков, Рамиз Усмонов, Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Женисбек Пиязов, “Ниҳол” мукофоти совриндори Машҳурбек Раимжонов иштирок этдилар. Улар ушбу ўз репертуарларидан Каримовлар оиласи севган қўшиқларни ижро этди.

Теглар:Татьяна Каримова Севара Назархон Ислом Каримов хотираси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар