Тошкент шаҳрида замонавий видео қайднома тизими билан жиҳозланган битта хизмат автомобили синов тариқасида ҳаракат қилмоқда.
Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўз фаолиятида янги ва замонавий, шунингдек халқаро тажрибадан ўтган технологияларни қўллашга ҳаракат қилмоқда. ЙПХ инспекторларининг автомобилларига видеорегистраторлар ўрнатилиши Европа тажрибаси орқали яхши таниш.
Буюк Британияда бундай қайднома қурилмалари ўрнатилганидан сўнг, инспекторлар устидан арз қилиш ҳолатлари 93 фоизга пасайган. Ҳозирда портатив видеорегистратор ўрнатиш амалиёти Россия, Беларусь ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида синовдан ўтказилмоқда.
Маълумотларга кўра, шаҳарда замонавий видео-аудио ёзув тизими билан жиҳозланган битта хизмат автомобили синов тариқасида ҳаракатни бошлаган. Ҳаракат вақтида ускуна ҳаракатда бўлган автомобиль рақамини сканерлаб, автоматик тарзда базадан машина рақами ва унинг эгаси ҳақида маълумотларни тўплайди. Шунингдек, мазкур тизим жарима тўламаган автомобиль ҳайдовчиларини ҳам аниқлаб беради.
Ушбу янги технологиянинг яна бир афзаллиги шундаки, у ўғирланган автомобилларни ҳам топади. Бир ой давомида мазкур тажрибадан фойдаланиш орқали 193 миллион сўмга тенг жарима маблағлари ундирилмоқда.
Эндиликда бундай тизимни Йўл ҳаракати хавсизлиги бошқармасининг бошқа автомобилларига ҳам ўрнатиш бўйича иш бошланган.