Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳар бир оилага 10 миллион сўмгача бир марталик ижтимоий кўмак берди.
Ақтўбеда фожиасида ҳалок бўлган ёшларнинг оила аъзоларига кўмак бериш ишлари давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳар бир оилага 10 миллион сўмгача бир марталик ижтимоий кўмак берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси-Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев ижтимоий тармоқлардаги шаххсий саҳифаси орқали хабар берди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилояти ва маҳаллий Кенгашлари томонидан Қўрғонтепа тумани, Қорасув шаҳарчаси, Бешкапа кўчаси 20-уйдаги Ў.Каримжонов ҳамда Қорасув шаҳарчаси, Пахтачи кўчаси 61-уйдаги И.Норбоев оилалари ҳолидан хабар олинди.
Ҳар бир оилага Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан 5 000 000 (беш миллион) сўмдан 10 000 000 (ўн миллион) сўм пул маблағи моддий ёрдам сифатида тақдим этилди.
Қолаверса, уларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, бошқа турдаги ижтимоий кўмак бериш ишлари давом этмоқда. Яқинлари бандлиги таъминланмоқда.
Шунингдек, вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон оилалар ҳолидан ҳам хабар олиш мақсадида “Ёшлар сизга кўмакдош” шиори остида 2010 йилда туғилган А.Абдувалиев ҳамда 1994 йилда туғилган Б.Умароваларга ногиронлик аравачалари топширилди.
Бундан ташқари, Андижон шаҳридаги “Исломобод” ҳамда “Тўққиз ариқ” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи 10 нафар уйда таҳсил олувчи имконияти чекланган ёшлар учун ҳам ўқув қуроллар ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилган.
Маълумот ўрнида, Ақтўбе фожиасида Андижон вилоятидан 2, Наманган вилоятидан 31, Фарғона вилоятидан 16, Сурхондарё вилоятидан 1, Тошкент шаҳридан 2 нафар фуқаро ҳалок бўлган эди.