Ақтўбе фожиаси бўйича суд ишини олиб борган судья қарорини изоҳлади.
Суд айбланувчи деб ҳисобланаётган беш киши уч нафар ҳайдовчи ва “Азиа транзит сервис” МЧЖ таъсисичиси ва механигига ҳукм чиқарганди. Ҳайдовчилар беш йилга, таъсисчи ва механик уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Бугун, 13 ноябрь куни Ақтўбе фожиаси айбдорларига ҳукм чиқарган Ирғиз туман суди судьяси Серик Махамбетов ўз қарорига изоҳ берди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
Суд ҳайдовчилар Қирғизбоев, Пернебеков, Танатовни, мехнаик Пердебаев ва ташувчи фирма таъсисчиси Тилепбоевни 52 кишининг ўлимига олиб келган жиноятда айбдор деб топди.
Ҳайдовчилар Қирғизбоев, Пернебеков ва Танатов транспорт воситаларидан фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганликда айбдор деб топилди. Уларга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Пердебаев ва Тилепбаев техник носоз транспорт воситасидан фойдаланишга йўл қўйганликда айбдор деб топилди. Бундан ташқари Тилепбаев вазифасига масъулиятсиз ёндашув ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда ҳам айбдор деб топилган. Улар 3 йил олти ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Таъкидланишича, юқорида кўрсатилганлар эҳтиётсиз жиноят турига мансуб. Шу сабабдан жиноятчилар жазони хавфсизлик минимал даражада бўлган қамоқхонада ўтайди.
“Суд қонун талабларига риоя қилиши керак ва унда белгилангандан ортиқ жазо тайинлолмайди. Бу суд амалиёти эмас, тўғридан-тўғри қонун талаби ва бу суд учун бузиб бўлмайдиган мажбурият”, деган судья Серик Махамбетов.
Суд жабрланувчиларнинг фуқаролик талабларини қондирди. Судланувчилардан ҳалок бўлган ҳар бир одам учун 2 млн тенгедан ундириб олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 18 январь куни Ақтўбе вилоятининг Ирғиз туманида автобусда ёнғин чиқиши натижасида 52 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган.