“Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ахборотномаларидаги хатолик
Ҳайратландим, кулгим келди, кейин эса ачиндим... Эсиз!
Торгина йўлакда учта бир-бирига ўхшаш жамғарма, унинг мақсади ва вазифалари ҳақидаги ахборотномалар деворда осилган ҳолда турибди.
“Yoshlarning startaplari, g’oyalari va loyihalarning manzilli ro’yxatini shakillantirsh”
“Ustoz-shogirt” an’analarini yo’lga qo’yish”
“Startup” loyihalarini amalga oshirilishida ko’maklashish”
Яна бир гап, жамғарма ҳозирча ўз мақсадлари рўйхатидан “savodhonlikni yanada oshirish” масаласини сал четроққа суриб турса ҳам бўлади. Деҳқонча қилиб айтганда, ҳали уларга бор-да… Аввал саводли бўлишсин, ўргатиш қочмас!
Бу ҳаммаси эмас, ҳамма жойда ҳам бўлгандек бу “стенд”ларда кичик ишоравий ва услубий хатолар ҳам бор.
“Стенд”ларнинг учаласи билан танишиб чиққач, менда савол туғилди: жамғарма ростдан ҳам ёшларда “savodhonlikni yanada oshirish” мақсадида тест саволларини тузиб, сирли равишда ахборотномаларга жойлаштирганми?
Биринчи “стенд”да тўғри ёзилган сўз иккинчисида хато ёзилган ёки аксинча, иккинчисида тўғри бўлса, биринчисида хато:
Shakllantirish — shakillantirish
Ustoz-shogirt — ustoz-shogird
Savodxonlik — savodhonlik
Хуллас, тўғри жавобни топинг!
Кейин “тўғри жавоб йўқ” деган вариант ҳам бор, мана:
Startap — Startup (аслида “Start-up” тарзида ёзилади)
Жамғарма ташкил этилганига 5 ойдан ошибди. Фармон ижроси бўйича жамғарма ходимлари “ишга шу қадар шўнғиб кетганликлари” учунми, бу “баннер”лар майли, ҳатто, ЖАМҒАРМАНИНГ НОМИ АЙНАН ҚАНДАЙ ЁЗИЛИШИ борасида бир тўхтамга келолмаганликларига ачинади киши...
“Yoshlar-kelajagimiz” jamg’armasi
(Ёшлар ва келажагимиз жуфт сўзлар эмас!)
“Yoshlar kelajagimiz” jamg’armasi
(Бу икки сўз орасида ҳеч қандай тиниш белгисининг йўқлиги, тугалланмаган содда гапга ўхшайди)
Аслида эса...
Ҳурмат ва эътиборингизга тасанно!
Ҳурматли Бунёд Баҳромбеков!
Сиз саводхонликнинг энг юксак намуналари акс этган бу ахборотномалар ёнидан 5 ой давомида 500 марта ўтиб-қайтганингизга ишончим комил, аммо бир бора ҳам кўзингиз тушмаганига шубҳам бор.
Раҳбарлик ҳужжатларига исм-шарифингизни бехато ёзишингизга ишонаман, жамғарма номини Сиз ва барча ходимлар ҳам ўз номидек авайлашига эса...
Бу “стенд”лар илинган жой – Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг Марказий кенгаши. Вилоят бўлимларидан ташриф буюрган ходимлар ёки иш масаласида келган ёшлар кўзига бу баландга илиб қўйганларингиз қатъий қоидадек кўринади, намунани ана шундан оладилар.
Ҳеч ўйланманг, давлатимиз томонидан Сиз ва фаолиятингиз, соҳани ривожлантиришингиз учун беҳисоб маблағ ажратилган. Бундай хато бижғиган ахборотномаларнинг яна ўнтасини ўйланмай чиқариб, илиб қўйишга қурбингиз етади. Фақат илтимосим: ТАШКИЛОТ НОМИНИ ТЎҒРИ ЁЗИШНИ ЎРГАНИНГ! Асосийси, баланд деворларларга илинган баландпарвоз мақсад-у вазифаларингиз битикларда қолиб кетадиган мадҳиялар бўлиб қолмаса бас!