Гиёҳвандлик моддасини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда сақлаш жинояти аниқланди.
Бу сафар ёнида “марихуана” гиёҳвандлик воситаси олиб юрган йигитнинг ёши 26 ёшда ва у Учтепа туманида қўлга тушди.
Аниқроғи, 2017 йилнинг 7 ноябрь куни, тахминан соат 19:30ларда, ички ишлар органлари ходимлари томонидан Учтепа тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, фуқаро 1991 йилда туғилган Райимов Ойбек Алишер ўғли тўхтатиб текширилганда, унинг ёнидан ўтказиш мақсадида сақлаб келаётган оғирлиги 2,19 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси аниқланиб олинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББнинг расмий сайтида эълон қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 273-моддаси 2-қисми (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда озгинадан кўпроқ миқдорда сақлашга суиқасд қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.