Уйда ёлғиз бўлган хонадон эгасининг қизини пичоқ билан қўрқитиб, 300 АҚШ доллари ва икки хил заргарлик буюмларини олиб кетади...
Жиноят учун тузилган режаси эса қадалган “нобоп уруғ”нинг устига сув қуйилиши билан баробар.
23 ёшли йигитнинг содир этган жинояти ҳам, унинг наздида, “пухта режа” асосида эди. Тўғри, уни жиноят содир этишга ундаган важлар кўп бўлса керак (булар ҳам унинг наздида). Бироқ бузоқнинг югургани сомонхонагача, ҳатто ўша “бузоқ” юзига ниқоб тортиб олган бўлса ҳам...
Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги “Кўктерак” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида босқинчилик жинояти содир этилди. Хонадонларнинг бирига юзига ниқоб кийган номаълум шахс бостириб киради. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шу вақт босқинчи уйда ёлғиз бўлган хонадон эгасининг қизини пичоқ билан қўрқитиб, 300 АҚШ доллари ва икки хил заргарлик буюмларини олиб кетади.
Олиб борилган тезкор тадбир натижасида ушбу босқинчилик жиноятини содир этган 1994 йилда туғилган А.Н. қўлга олинди.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноятга жазо муқаррар...
Юқоридаги ўхшатишимиз бироз ғалати чиқди, аслида тупроққа умид билан уруғ қадаш, ниҳол ўстириш — яхшиликка тенглаштириладиган амалиёт.
Бироқ Тошкент туманининг 23 ёшли фуқароси иллатлар заминига жиноят уруғини қадади. У жазосини олади, яъни заракунанда ўсимликнинг новдаси қирқилади. Гап унинг илдизларига қайта “иллат суви” қуйилмаслигида...