...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонга МсDonald’s керакми?


18:45, 10.11.2017 Жамият
 6 749

Ёхуд келажакка ваъда: “Cен буюк бақалоқ бўлиб етишасан!”

Инсон шундай мураккаб мавжудотки, гоҳ унинг ақли-ю маҳоратига лол қоласан, гоҳ ялқовлиги-ю кўр-кўрона беғамлигидан бош чайқайсан!
 
Унинг ақли турмушнинг қийинчиликларини енгиллатишга кўмак берса, унинг ялқовлиги ва беғамлиги ўз-ўзини кўринмас чоҳга етаклаб боради. Шундай кўринмас чоҳларнинг бири, яъни бугунги кун долзарб мавзуларидан бири — фастфуд. Аввалроқ ҳам бу ҳақдаги айрим фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашгандик.
 
Cен буюк бақалоқ бўлиб етишасан!
 
Интернет тармоқларида АҚШнинг машҳур фасфуд бренди МсDonald’sнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши ҳақидаги янгилик кўпчилик ўртасида кескин мунозарага сабаб бўлди. Кимлардир юртимизда “семизлик асри” бошланишини башорат қилса, яна кимлардир бу сайёҳларни жалб қилишнинг яхши йўли эканлигини таъкидлашди.
 
Аслида ҳам Ўзбекистонга МсDonald’sнинг кераги борми?
 
Ёлғон билан қўйилган қадам
 
Фастфуд ўз тарихини ёлғондан бошлаган, десак ҳайрон бўлманг. 1921 йилда АҚШда White Castle (Оқ Қалъа) компанияси пайдо бўлди. Унинг маҳсулоти дастлабки гамбургерлар эди.
 
Бу таом ўзининг иштаҳабоп кўриниши ва арзон нархи билан истеъмолчиларни жалб қила оларди. Аммо инсониятга ҳали маълум бўлмаган бу маҳсулотга талаб жуда суст эди. Чунки одамлар соғлиги учун номаълум егуликни тановвул қилишдан чўчирди.
 
Шунда компания раҳбарияти одамлар ишончини қозониш  учун, маркетологлар тили билан айтганда, бир “тадбиркорлик”ка қўл урди. Улар шифокорлар кийимидаги бир нечта одамни ҳар куни уларнинг ресторанида фастфуд тановвул қилиши учун ёллашди. Одамлар шифокорларларга ишонишарди, шу туфайли тиббиёт ходимлари иштаҳа билан паққос тушираётган ушбу таомни фойдали деб ҳисоблашди. 
 
МсDonald’s Россияда илк марта 1990 йилда иш бошлади ва дастлабки иш кунидаёқ 30 мингдан ортиқ истеъмолчига хизмат кўрсатди. У вақтлар одамлар фастфуднинг зарари ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўришмасди. Уларни фақат бир нарса: тез, осон ва тезпишар таом қизиқтирарди.
 
Семизлик чегарасидан ўтиб...
 
Фастфуд ортиқча вазнга сабаб бўлувчи энг зарарли таомлардан саналади. Биргина картошка фри 400 килокалорияни ташкил қилади. Аммо МсDonald’s’га ташриф буюрганлар фақатгина фри буюртма беради, десангиз адашасиз. У албатта, фри ёнига газланган ичимлик, гамбургер, мазали музқаймоқ ёхуд ширин кулча ҳам буюртма беради.
 
Натижада биргина тушликнинг ўзида бутун бошли кунлик меъёрни еб қўйиш ҳечгапмас. Бундан ташқари, газланган ичимликлар совутилган ҳолда тортиқ қилинади. Бу эса фастфуд билан бирга истеъмол қилинган ёғларнинг эришига тўсқинлик қилиб, уларнинг қорин ва бел соҳасида тўпланишига сабаб бўлади.
 
Аммо муаммо шу билан тугамайди. Фастфуд истеъмолидан сўнг тез орада яна қорнингиз очиққанини ҳис қиласиз. Чунки истеъмол қилинган калорияда организмни қувват билан таъминловчи мураккаб оқсиллар ва тўйинмаган ёғлар йўқ. Ошқозон эса бу калорияни ҳазм қилишга улгурмайди. Ортиқча юкланиш билан ишлайди ва охир оқибат гастрит, ошқозон яраси ва шу каби бир қатор хасталикларга сабаб бўлади.
 
Мазали таомнинг “фитнаси”
 
Фастфуд нимаси билан одамларни жалб қилади?
 
Нега гамбургер еган одам яна ва яна шу таомни егиси келади?
 
Фасфуд таркибига таъм ва ҳид берувчи зарарли (сунъий) турли зираворлар, бўёқлар ва тузлар қўшилади. Шунинг учун ҳам тайёрланган тезпишар таомни истеъмол қилганда унинг мазаси хуш ёққандек бўлади ва қайта-қайта бундай таомларга қўл уришдан ўзингни тия олмайсан.
 
Бундай тобеликни келтириб чиқарувчи асосий зараркунанда бу — “глутамат натрия” (лотинча natrii glutamas, яъни “мононатрийли туз”) деб аталувчи қўшимча саналади.
 
Фастфуд бизнесининг “гултожи” ҳисобланган бу “айёрона” қўшимча маҳсулот организмга ўзгача таъсир қилади. Биламизки, тилда турли таъмларни сезувчи рецепторлар бор. Масалан, тил учи билан ширин, ёни билан шўр ва нордон нарсаларни ҳис қиламиз. Глутамат натрия эса тилнинг барча рецепторларига ўз таъсирини ўтказади ва биз фастфудни жуда мазали таом сифатида қабул қиламиз. Унга ўрганиб қолиш ҳам шунинг оқибатида юзага келади. Яъни, мияга ёлғон хабар етказилади.
 
Хулоса ўзингиздан...
 
Бугун АҚШ ортиқча вазн муаммоси билан дунёнинг етакчи давлатларидан бири саналади. Мамлакатда 65,9 фоиз аҳоли семизликдан азият чекади. Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ҳам Марказий Осиё давлатлар ичида ушбу муаммо юзасидан етакчи ўринни эгаллагани ачинарли ҳолат.
 
Хорижий нашрларнинг хабар беришича, тадқиқотлар натижаси айни дамда Ўзбекистон аҳолисининг 44,5 фоизи ортиқча вазн муаммосидан азият чекаётганлигини кўрсатди. Тожикистонда эса ушбу кўрсатгич 15 фоизни ташкил қилади.
 
Ушбу тадқиқот натижалари АҚШнинг “New England journal of Medicine” нашрида эълон қилинган.
 
Савол туғилади: шундоқ ҳам семизлик уммони сари одимлаб бораётган аҳолимизни ушбу кўринмас чоҳга бутунлай чўктиришимиз шартми?
 
МсDonald’s’ни Ўзбекистонга кераги борми?
 
Агар “ҳа” деб жавоб берувчилар топиладиган бўлса, унда улар номидан машҳур мультфильмда айтилган жумлаларни бироз ўзгартириб келажакка ваъда бреамиз: “Сен буюк бақалоқ бўлиб етишасан!”
 
Омон бўлинг!
Мунира Назарова

Теглар:Ўзбекистон МсDonalds 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Abror
17:12 14.11.2017

Fast Food hozirda mamlakatizda yangilik bo'la olmaydi .Shuni nazarga olib gaprso' bu faqatgina yaxshi Agar dunyoga mashhur brendlar yurtimizda o'z faoliyatini ochsa nur ustiga a'lo nur buni davlat tashkilotlari ham ta'kidlanmoqda hamma narsani ijobiy tarafini ko'rishga odatlaninglar!!!


Fazliddin
03:13 11.11.2017

Man mualifi gapiga umuman qoshilmiman. Chunki macdonaldsga otilgan toshde bop korinb qogan va buni 4 sinf bolasiyam oqisa chunib yetadi. Hurmatli mualif shunaqa qlib yozgansizki huddi bizada fas foodli joyla umuman yoqde. qadamizda tiqilb yotibdiku. macdonald kesa zora kankurensa bosa narxla tushadi. man fasfoodlarimizani bitta bitta sanamadim sababi reklama de bolib qolib izohimi chqazmasligiz mumkin, lekin uka qadamizda tqilb yotibdi yo hurmatli maulif anchadan beri kochaga chiqmaganla. Maqolez huddi bitta qaysidir burger lavashdan zakazga tushkande bop qogan


Fayzi
19:01 10.11.2017

Assalomu alaykum! Sayt xodimlari. Saytingiz menga juda ma'qul, ishlaringizga rivoj! Maqolada esa, juda zarur mavzu ko'tarilgan, rahmat. Xaqiqatdan shunday, o'zim va yaqinlarimga bu "TAOM"ni hech qachon ravo ko'rmasdim, amalda xam shunday!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар