...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда Афғонистон Ҳукумати ва “Толибон” ўртасидаги учрашув ўтказилиши мумкин


20:33, 05.02.2019 Жамият
 3 985

“Толибон” ҳаракати Афғонистон жануби-ғарбида муқим ўрнашган бўлиб, асосан таркиби мамлакатдаги пуштун қабилаларига мансуб аъзолардан ташкил топган.

Ўзбекистон томони мамлакат ҳудудида Афғонистон Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ўтказиш учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун, 5 февраль куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган БМТ Бош котибининг Махсус вакили,  БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (УНАМА) раҳбари Тадамичи Ямамото билан суҳбатда маълум қилди.
 
Учрашувда Ўзбекистон билан УНАМА ўртасидаги ҳамкорликнинг, жумладан Афғонистонда хавфсизлик ва мустаҳкам ривожланишни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш соҳаларидаги муносабатларнинг асосий йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
 
Тадамичи Ямамото БМТ ва унинг институтлари, хусусан УНАМА, Афғонистонда тинчлик жараёнини бошлаш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши, инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни минтақавий ҳамкорликка жалб қилишга оид саъй-ҳаракатлари борасида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида Ўзбекистон олиб бораётган изчил сиёсатни маъқуллашини ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
 
Учрашувда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди. Халқаро терроризм, уюшган трансмиллий жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосидан келиб чиқаётган жиддий таҳдидлар ва хавф-хатарларга қарши курашиш учун ҳамкорликни мустаҳкамлашдан томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги тасдиқланди.


 
Суҳбатда БМТ Резидент-координатори, Тараққиёт дастурининг Доимий вакили Ҳелена Фрейзер иштирок этди.
 
2018 йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтган эди. Ушбу конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ҳам иштирок этган эди.
 
Маълумот учун, “Толибон” ҳаракати Афғонистон жануби-ғарбида муқим ўрнашган бўлиб, асосан таркиби мамлакатдаги пуштун қабилаларига мансуб аъзолардан ташкил топган.
 
Ҳукуматдан ўрин талаб қилаётган “Толибон” бугунга қадар Афғонистоннинг ичкарисида кўплаб қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириб келмоқда. Энг эътиборли жиҳати шуки, ушбу ҳаракат Ҳиббатуллоҳ Оҳундзода бошчилигида мамлакатнинг 60 фоиз ҳудудида фаолият олиб боради. 
 

Теглар:Толибон Ўзбекистон-Афғонистон Абдулазиз Комилов Тадамичи Ямамото 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар