Вазирлар Маҳкамаси қарори билан иккита низом тасдиқланди.
Қарор билан қуйидаги низомлар тасдиқланди:
- Ҳайвонот дунёси объектларининг давлат ҳисобини, улардан фойдаланиш ҳажмлари ҳисобини ва давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги;
- Ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисобини, улардан фойдаланиш ҳажмлари ҳисобини ва давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги.
Қарорга мувофиқ, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастрини Фанлар академияси (ФА) билан биргаликда юритади.
Бунда ФА ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри юритилишини илмий жиҳатдан таъминлайди.
Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри қуйидаги мақсадларда юритилади:
- ҳайвон ва ўсимликларнинг сон ва сифат ҳолатини белгилаш;
- иқтисодий баҳолаш;
- улардан хўжаликда фойдаланиш ҳажмларини аниқлаш;
- давлат органлари, манфаатдор жисмоний ва юридик шахсларга ишончли ахборот тақдим этиш;
- улардан оқилона фойдаланиш, ҳимоя қилиш, қайта кўпайтириш, биологик хилма-хиллигини сақлашни ташкил этиш.
Бирламчи кадастр маълумотлари ҳудудни кадастр бўйича текшириш орқали тўпланади.
Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари яшайдиган муҳит ҳудуди кадастр бўйича беш йилда бир марта текширилади.
Шунингдек, давлат кадастри бўйича зарур маълумотларни тақдим этиш турлари, ҳажмлари ва муддатлари Давлат экология қўмитаси томонидан белгиланади.
Давлат органлари кадастр маълумотларини бепул асосда, манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар белгиланган миқдордаги тўлов асосида олади.