Қарорда қайд этилишича, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Қумдарё давлат ўрмон хўжалигига бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан маъмурий бино ажратилишини таъминлаши лозим.
Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг таклифига биноан Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида давлат муассасаси шаклидаги Қумдарё давлат ўрмон хўжалиги ташкил этилади.
Янги ташкил этилаётган Қумдарё давлат ўрмон хўжалигининг тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-2966-сонли қарорига мувофиқ шакллантирилади.
Қуйидагилар Қумдарё давлат ўрмон хўжалигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:
- ўрмон барпо этиш, ўрмон фондини ҳар томонлама кенгайтириш, уларни муҳофаза қилиш ва ўрмон бойликларидан оқилона фойдаланишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;
- ажратилган ер майдонларида писта, бодом ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш ҳамда кўчатхоналар ташкил этиш;
- ўрмонларни тиклаш, иҳота ўрмонзорларини кўпайтириш;
- чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари ҳамда чўл ҳудудларида эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш;
- ўрмонларни ёнғиндан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бошқа бузилишларидан муҳофаза қилиш ва назоратини олиб бориш.
Қарорда қайд этилишича, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Қумдарё давлат ўрмон хўжалигига бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан маъмурий бино ажратилишини таъминлаши лозим.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда:
табиий ўрмонзорлар майдонлари, доривор ўсимликлар заҳираси мавжуд майдонлар ва туман ҳокимликлари захирасидаги ер майдонларини писта ва бодом плантацияларини барпо қилиш ҳамда доривор ўсимликлар етиштириш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ўрмон хўжаликларига ажратиб берилишини;
Чироқчи тумани ҳудудидаги ер майдонларини хатловдан ўтказиб, табиий ўрмонзорлар ва самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларидан 18.7 минг гектар майдонни доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан янги ташкил этилаётган Қумдарё давлат ўрмон хўжалигига белгиланган тартибда ажратиб берилишини таъминлаши керак.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:
бир ой муддатда янги ташкил этилаётган Қумдарё давлат ўрмон хўжалигининг низом ва штатлар жадвалини тасдиқланишини таъминлайди.
икки ой муддатда пистачилик соҳасини янада ривожлантириш, пистанинг мамлакатимиз тупроқ иқлим шароитига мос серҳосил ва юқори сифатли навларини кўпайтириш ҳамда келажакда янги истиқболли навларини яратиш мақсадида Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Қамаши давлат ўрмон хўжалиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Пистачиликни ривожлантириш илмий тажриба участкаси фаолиятини ташкил этади.
Қумдарё давлат ўрмон хўжалиги фаолиятини молиялаштириш 2019 йилда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг жамғарма маблағлари ҳисобидан кейинги йилдан бошлаб бюджет, жамғарма, бюджетдан ташқари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда вилоятда мавжуд табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар захирасини ўрганишга ва йўқолиб кетиш арафасида турган Тожик ковраги (Ferula tadshikorum
Pimenov) ва Капалакқўнмас (Ajuga turkestanica)(Regel) (Briq) ларнинг заҳираси, муҳофазаси, мониторинги ҳамда унинг табиий ўсиш ареалларида маданий плантацияларини ташкил қилиш учун етиштириш усулларини ишлаб чиқишга йўналтирилган илмий лойиҳаларни амалга оширилиши учун лойиха маблағларини ажратилишини таъминлайдилар.