...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Таҳририятларда журналистлар қолиб, бошқа соҳадагилар ишлаяпти: Журналистлар бозордами ё дўконда?


19:48, 26.01.2018 Жамият
 4 964

ОАВларда кадрлар масаласи жуда катта муаммо бўлиб турибди. Буни “Qalampir.uz”да иш бошлаб ўзим ҳам ҳис қилдим. Ҳозир нашримизда саводли, билимли, тажрибали журналист-кадрларга эҳтиёж жуда катта.

Кеча, 25 январь куни “Ўзбекистон” телеканалида сиёсий шарҳловчи Қуддус Аъзамов муаллифлигидаги “Муносабат” ток-шоусининг навбатдаги сони жонли тарзда эфирга узатилди. Кўрсатувнинг галдаги сони ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган Мурожаатномасида кўтарилган масалалардан бирига, яъни оммавий ахборот воситалари ва ундаги кадрлар тақчиллигига бағишланди.
 
Ток-шоуда асосий экспертлар сифатида “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов, “Адолат” газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети ўқитувчиси Акбар Нурматов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети ўқитувчиси Тўлқин Эшбеков, “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов иштирок этдилар.
 
Кўрсатув қизғин баҳс-мунозара руҳида кечди. Унда икки университет журналистика факультетлари ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди. Дастурда журналистикага оид муаммолар, кадрлар тайёрлаш борасидаги оғриқли нуқталарга мурожаат этилди. Аммо бу мавзуни муҳокама қилишга бош-қош бўлиши керак бўлган икки факультет деканларининг тоби қочиб (!), кўрсатувда иштирок эта олишмади. Қуддус Аъзамов эфир вақтида бу ҳолатга нисбатан қаттиқ эътироз билдириб, деканларнинг ўзи шу аҳволда бўлса, қолганлардан нима кутиш керак, деган фикрни ўртага ташлади.
 
Бугун журналистикада муаммолар етарли, ҳатто, керагидан ортиқ. Бироқ бу ҳақда кимдир очиқ гапира олади, кимдир эса йўқ. Айтайлик, муаммолар ҳақида ўқитувчиларнинг ўзи сўз очолмаса, улар учун муаммо, ечими топилмай келаётган масалалар бўлмаса, ҳаммаси зўр бўлса, улар ўқитаётган журналистларнинг жасоратини тасаввур қилиш қийин эмас.
 
ОАВларда кадрлар масаласи жуда катта муаммо бўлиб турибди. Буни “Qalampir.uz”да иш бошлаб ўзим ҳам ҳис қилдим. Ҳозир нашримизда саводли, билимли, тажрибали журналист-кадрларга эҳтиёж жуда катта. Эшитишимча, келиб-кетувчилар кўп бўлибди, фалон нашриётда, фалон телевидениеда, фалон газетада ишлаганман, кўксимга медаль тақишган деганларини ҳам кўришибди, бир ёзганидан камида 15 хато чиқиб турса, кўксидаги медалию “Олтин қалам”и нима қилиб берарди...
 
Дастурда иштирок этган устозларнинг фикрича, соҳада кадрлар юзасидан муаммо йўқ, ЎзМУнинг Журналистика факультети ҳар йили 160 нафар, ЎзДЖТУнинг Халқаро журналистика факультети 60 нафар журналист етиштирмоқда. Факультетлардан келган вакилларнинг маълум қилишларича, битирган талабаларнинг ҳаммалари ишга жойлашмоқда, бу бўйича мониторинг ҳам қилинган. Бироқ аниқ рақамлар келтирилмади. Хўш, агар йилига умумий ҳисобда 210 нафар журналист етишаётган бўлса, қани улар? Қаерга кетяпти? Қайси таҳририятларда ишлаяпти? Таҳририятлар эса журналист йўқлигидан нолийди. Биргина “Ўзбекистон овози”да айни вақтда 7 та бўш иш ўрни мавжуд экан.  “Qalampir.uz”да ҳам шунча топилади.
 
Шошмай туринг! Кўнглингиздан нима ўтаётганини пайқадик. Балки айнан бу нашрларга кадрлар келмаётгандир деяпсиз, шундайми? Бизда талаб бошқача, буни ўзим ҳам иш бошлаганимдан кейин билдим. Шуни аниқ айта оламанки, бу ердаги муҳит бошқалардан анча фарқ қилади. Кўчиришга рухсат йўқ, ҳар мақола баҳсли, ҳар сарлавҳа устида бош қотириш керак. Ҳам қизиқ, ҳам ўзига яраша завқли, албатта.
 
Баъзан фалончи сайтдан шундоқ олиб ишлашса бўлади-ку деган ҳаёлга бораман. Лекин бу ердаги шиор қилиб олинган бир гап ёдимга тушади: бошқаларнинг меҳнатини ўғирлаш, бировнинг таҳоратига намоз ўқиш билан тенг.
 
Шахсан ўзим Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаганман, айни дамда магистрман. Журналистикага алоқам йўқ, лекин ички хоҳиш ва қизиқиш мени “Qalampir.uz”га етаклаб келди. Демоқчи бўлганим шуки, яна қанча нашрларда журналистлар ўрнини мен каби бошқа соҳа вакиллари тўлдиряпти экан? Энг қизиғи, журналистикани битирган дипломлилар нима билан банд? Улар бозордами ёки дўконда? Соҳадаги қайси қийинчиликлар уларни бошқа манзилларга учиряпти экан... 4 йил олинган билим камлик қиляптими ёки таълим сифатида пастми? Ё бўлмасам, таҳририятлар ёш журналистларнинг имкониятларини етарлича баҳолаб, уларнинг ўсишига умид боғлай олмаяптими? Кўрсатувда айнан шулар ҳақда сўз борган. 
Икром Раҳмон

Теглар:Қуддус Аъзам Муносабат Журналистика 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар