...
МЕНЮ
ONLINE TV

Уста, мардикор ва киракашлар учун патент жорий этилиши расман инкор этилди


12:03, 09.11.2018 Жамият
 8 041

Кўрсатиб ўтилган меҳнат фаолият турларига патент жорий этилиши бугунги кунда қонуний ташаббус ҳисобланмайди ва биронта расмий ҳужжатда мавжуд эмас.

Аввалроқ, “Халқ сўзи”нинг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг сўзларига асосланиб тарқатган маълумотига кўра, Ўзбекистонда устачилик, мардикорчилик, киракашлик, уй хизматлари ва шунга ўхшаш фаолият турларига патент тизимини жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ушбу хабарларга нисбатан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий баёнот билан чиқиб, маълумотларни рад этди.
 
“Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шуни маълум қиладики, мазкур хабарлар ҳақиқатга мувофиқ эмас ва контекстдан юлиб олинган ҳисобланади”, деб бошланади вазирлик баёноти.
 
“Кўрсатиб ўтилган меҳнат фаолият турларига патент жорий этилиши бугунги кунда қонуний ташаббус ҳисобланмайди ва биронта расмий ҳужжатда мавжуд эмас.  
 
Айни пайтда ушбу масала муҳокама этилмоқда ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги доирасида ўрганиб чиқилмоқда.
 
Қишлоқ жойларидаги норасмий бандлик одатга кўра дунёнинг кўплаб мамлакатларида энг кенг тарқалган муаммолардан бири саналади. Жорий йилнинг 30 апрелида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботга мувофиқ, айрим давлатларда қишлоқ жойларидаги норасмий бандлик 90 фоизгача бориб етади.       
 
Ўзбекистонда меҳнат бозорини ўрганиш бўйича 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида ўтказилган ишлар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда норасмий бандлик секторининг улуши 56 фоизни ташкил этади. Қишлоқ жойларидаги норасмий ёки “соядаги” бандликнинг асосий соҳалари хусусий киракашлик, кунлик тўланадиган ишлар ва хусусий ёлланадиган таъмирлаш-қурилиш ишлари ҳисобланади.  
 
Бироқ хусусий киракашлик, кунлик тўланадиган ишлар ва хусусий ёлланадиган таъмирлаш-қурилиш ишларининг айрим жойларда тўлиқ бандлик альтернативи саналишини ҳисобга олган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги легаллашув чора-тадбирларидан бири сифатида йилига энг кам ойлик иш ҳақининг 4,5 баробари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўлов қилинадиган патентни жорий этишни кўриб чиқмоқда.
 
Бу турдаги патентни олиш фақатгина ихтиёрий тарзда амалга оширилган бўлар эди. 
 
Яъни патентни ихтиёрий равишда олиб, йилига 912 285 сўм (ойига 76 023 сўм) тўлаган фуқаро тўлиқ бандлик учун бериладиган меҳнат стажига эга бўлиши мумкин. Бундай чора-тадбир яхлит пенсия тизими шаклланишига қўшимча фуқаролар сонини жалб этишга имкон берган ва келгусида ўша фуқароларнинг ёш бўйича пенсия олишларини таъминлаган бўлар эди”.  

Теглар:Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар