Хўш, Президентнинг айтганларини масъуллар бажардими? Ёдгорликларга Шавкат Мирзиёев айтганидек ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилдими? Зулфия ҳайкалининг ёнига ўрик экилдими?
Қарорга кўра Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва таниқли шоира Саида Зуннунова, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида барпо этилган Адиблар хиёбонига кўчирилди.
Қолаверса, Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли олим ва жамоат арбоби Озод Шарофиддинов, Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф сиймоси акс этган ҳайкаллар ўрнатилиши белгиланди.
Қарор чиққан куни марҳум адибларимиздан бирининг оила аъзоси билан суҳбатлашиб қолдим. У бироз кайфиятсиз эди. Қарорда отамнинг номи чиқиб қолармикин, унинг ҳам хотираси абадийлаштирилиб, ҳайкал ўрнатилармикин, деб кутганини яширмади.
Бу ёзувчининг асарлари менга ҳам кўп таниш, мухлисиман. Нафақат мен, адабиётга ошуфта ўзбек борки, унинг асарларини токчада қолдирмайди.
Яқинда академик Турсунали Қўзиевнинг Адиблар хиёбонидаги ҳайкалларга, хусусан, Абдулла Қаҳҳор ҳайкалига бўлган эътибор ҳақида ёзганларини ўқиб, ҳақиқий аҳволни ўз кўзим билан кўргим келди.
Янги ҳайкаллардан – Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ҳамда Абдулла Қаҳҳорнинг ёдгорликлари чиндан ҳам аянчли аҳволга келиб қолган. “Qalampir.uz”да эълон қилинган танқидий мақоладан кейин ҳам на боғ маъмурияти, на Ёзувчилар уюшмси, на Маданият вазирлиги, на Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлардан эътибор кўрсатилмагани сезилиб турибди.
Нурай бошлаган ҳайкалларнинг уст қопламаси – бўёқлари қуриб, тўкилишни бошлаган. Ёмғир ва қор натижасида ҳайкалларнинг айрим қисмлари емирилган. Оҳакдан ясалгандан кейин нима ҳам кутасиз яна?
Шу он ҳаёлимдан ҳалиги ёзувчимизнинг фарзанди билан суҳбатимиз ўтди. У ўшанда отасига ҳайкал ўрнатишларини жуда-жуда истаганди. Агар ҳайкаллар бир йилга ҳам бормай нураб кетадиган бўлса, хотиралар бу қадар қадрсизланса, бизга бундай ҳайкаллар керакми? Аксинча, бу ёзувчиларнинг азиз хотирасини қалбимиз тўрида, гард юқтирмай сақлаганимиз афзалмасми?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қуйи тизимдаги раҳбарлар, масъулларнинг хатти-ҳаракатларини билади. Шунинг учун ҳам уларни олдиндан огоҳлантириб боради. Президент ўшанда ҳам келажакни олдиндан кўра билганди. Ёдингизда бўлса, давлат раҳбари 2017 йилнинг 26 декабрь куни ушбу боғга ташриф буюриб, масъулларга қатор топшириқлар берганди.
“Киришдан бошлаб илоҳий куч бўлиши керакки, бу боғ одамларга маънавият, маърифат берадиган жой бўлиши керак.
500 кишига маросим ўтказиладиган жой керак. Ҳар йили буларнинг туғилган кунида шеър ўқиладиган маросим ўтказамиз.
Ҳар бир олий таълим муассасаси маънавият дарсларини шу ерда ўтади. Ҳар бир ҳайкални биттадан олий таълим муассасаси, мактаб, коллежга бириктирасизлар. Бу ерлар эгасиз бўлиб қўлиши керак эмас, “Сиз” деб кетадиган жой бўлиши керак. Эҳтиром бўлиши керак!
Буюк адибларимизнинг шеърлари жаранглаб туриши керак бу ерда. Буларнинг руҳи бизга мададкор бўлиши керак. Қачон мададкор бўлади, буларга эътибор бериб, руҳишини шод қилсак...”
Хўш, Президентнинг айтганларини масъуллар бажардими? Ёдгорликларга Шавкат Мирзиёев айтганидек ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилдими? Зулфия ҳайкалининг ёнига ўрик экилдими? Муҳаммад Юсуфнинг туғилган кунида маросим ўтказилдими? Шу боғ ёнидан ўтаётган адиблар, шоир ва ёзувчиларнинг кўзи қаерда? Улар ҳайкалларнинг нураб бораётганини кўрмаяптими?
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари