Президент белгиланган пайтда келиб, бирданига асосий масала – адабиётга ғамхўрлик қилиш, шоир-ёзувчиларга зарур шарт-шароит яратиш бўйича аниқ, ҳаётий таклифларини ўртага ташлади.
Президент белгиланган пайтда келиб, бирданига асосий масала – адабиётга ғамхўрлик қилиш, шоир-ёзувчиларга зарур шарт-шароит яратиш бўйича аниқ, ҳаётий таклифларини ўртага ташлади. Ижод аҳлига доир долзарб масалаларни бирин-кетин тилга оларкан, ҳар гал юрагимиз ҳаприқар, биз айтишга ийманиб турган муаммоларни Президент шундоғам биларкан, деган ўйдан юрагимиз ёришарди.
Кўп ташаббуслар қатори Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбонини ташкил этиш ҳамда Ёзувчилар уюшмасига янги, замонавий бино қуриб бериш вазифаси ҳам белгиланди.
2017 йилнинг 18 апрели. Мазкур вазифани амалга оширишга қаратилган Президент қарори эълон қилинди.
Ва... қурилиш ишлари бошланди!
Бинонинг чизмаси тайёр бўлганида, кўзимиз яшнаб ҳаяжонланганимиз, “наҳотки оқ қоғоздаги шу чизгилар тўлиқ амалга ошса!?” деб бир-биримиз билан фикр алмашганларимиз эсимизда. Кейин азамат экскавторлару булдозерлар, оғир юк машиналари ишга тушди. Бинонинг ўрни қазилиб, пойдевор кўтарилди. Деворлар тикланди. Том ёпилиб, иншоотнинг ичу ташига безак берилди. Бу жараёндаги ҳар бир ўзгаришни эшитиб, табиийки, хурсанд бўлардик – бинога эмас, бизнинг кўнглимизга нақшу безак солинаётгандай эди.
Президент билан учрашувимиздан сўнг, оз эмас-кўп эмас, роппа-роса ўн ойу ўн кун ўтди – 2017 йилнинг 23 декабри. Яна бир гуруҳ ижодкорлар билан Миллий боғга, аниқроғи, Адиблар хиёбонидаги Ёзувчилар уюшмасининг янги биносига келдик.
Президентимиз қурилиш якуни билан танишиб, шу аснода ижодкорлар билан диллашишни ният қилган экан.
Нурдан тиклангандек таассурот қолдирувчи муҳташам бинонинг кираверишида, ҳазрат Алишер Навоийнинг сиймоси акс этган ва ҳикматли сўзлари ёзилган фойеда Президентимиз билан юзма-юз келдик.
Мамлакатимиз раҳбари жуда жонли, равон оҳангда адабиётнинг жамиятдаги юксак ўрни ҳақида сўз бошлади. Бугун одамларимизнинг қонини тозалашимиз керак, – деди Президент образли қилиб, – бу маънавий тозариш жараёнида адабиётнинг ўрни беқиёс. Адабиётга, китобхонликка катта эътибор қаратаётганимиз ҳам шундан. Бу борада адибларимизга суянамиз.
Мулоқот жараёнида Президент нафақат адабиёт, балки миллат тақдирига дахлдор бўлган энг долзарб вазифаларга ҳам тўхталиб, ёзувчи-шоирлар билан фикр алмашди. Хусусан, Ватанни ҳимоя қилиш, юрт мудофаасига доир муҳим фикрларини баён қиларкан, биз ҳам ўзимизни жанговар аскардай ҳис қилдик, ҳар бир ёзган асаримиз четдан кириб келаётган маънавий хуружга қарши қалқон бўлиб, фарзандларимизнинг онг шуурини, қалбини ҳимоя қилишга яраши даркорлигини англадик.
Президентимиз бошчилигида янги бино билан яқиндан таниша бошладик. Аввало 150 ўринли фаоллар залига кирдик. Бу ерда ҳам самимий, жонли мулоқот давом этди. Юртимиз раҳбари ҳар бир ижодкорни жон қулоғи билан тинглаб, ўртага ташланган масалалар ечими бўйича ўз таклиф-ташаббусини баён қилди. Жумладан: Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини замонавий асосда ташкил этиш учун керакли ҳужжатларни тайёрлаш; истеъдодли ва уйга эҳтиёжи бор ижодкорлар учун кўп қаватли уйлар қуриш, кейинчалик ҳам адибларга уй қуриш учун шаҳар марказидаги муайян жойларни банд қилиб қўйиш; Ялта, Кисловодск каби хориждаги нуфузли сиҳатгоҳларда бошқаларга ўрнак бўлаётган ижодкорларнинг бепул даволаниб, дам олишларини ташкиллаштириш; мамлакатимиздаги корхона ва ташкилотларга ижодкорларни бириктириб қўйиш ва йил давомида изчил ижодий учрашувлар уюштириш, уларнинг китобларини тизимли равишда чоп этиб-тарқатиш; адабий нашрларнинг юртимиздаги ҳар бир ўқув даргоҳига кириб боришини таъминлаш; қўшни мамлакатлар билан адабий алоқаларни кучайтириб, биргаликда адабиёт байрамларини ўтказишга йўл очиш...
Шу ўринда Президентимиз қўшни Афғонистоннинг Ҳирот шаҳригача темир йўл қурилиши режалаштирилаётганини айтаркан, биласизларми, бу – менинг кўп йиллик орзуим, керак бўлса, армоним эди, ёшлигимдан радио орқали Алишер Навоий ҳазратларининг ғазалларини эшитганимда, Навоий ҳақидаги асарларни ўқиганимда, Ҳиротга боришни, улуғ бобомизни зиёрат қилишни орзу қилардим; агар бугун биз, бобомизнинг авлодлари, издошлари у зотнинг қабрини зиёрат қилсак, шубҳасиз, бу мўътабар инсоннинг руҳи чексиз шод бўлади, деб ўйлайман, деди.
Шу лаҳзанинг ўзида ҳар биримиз ўзимизни ҳазрат Навоий мақбарасини зиёрат қилаётгандек тасаввур этиб, тўлқинланиб кетдик. Кўнглимиздан “Қанийди, бунинг имкони бўлса, шубҳасиз, ярим ҳаж савобини қўлга киритган бўлардик” деб ўйладик.
Президентимизга эргашиб, бошқа хоналарни ҳам кўздан кечира бошладик. Борлиғимиз ҳаяжонга кўмилди. Иншоотнинг ҳар бир тарҳида ижод аҳлига ҳурмат, эъзоз, ғамхўрлик акс этиб турарди. Энг замонавий мосламалар билан жиҳозланган анжуман заллари, уюшманинг махсус кутубхонаси ва музейи, Ёзувчилар уюшмасининг маъмуриятига, ижодий кенгашлари ва нашрларига мўлжаланган ёруғ, шинам хоналар, сифатли мебеллару энг сўнгги русумдаги техник воситалар... Назаримизда, эртадан бу хоналарга кириб иш бошлайверсак бўладигандай эди. Аммо...
Аммо Президентимиз бизнинг нигоҳимиз илғамаган нуқталарга эътибор қаратиб, масъул шахсларга замонавий архитектура, қурилиш мезонларига доир саволлар берди. Бизга ҳайрат бағишлаган манзараларни Президентимиз янада кўркам, янада мукаммалроқ кўришни истаётганини англадик. Гўё ўз қараши билан мамлакатимиз раҳбари: “Ёзувчи-шоирларимиз бундан-да кўпроғига муносиб, бу камтар ва заҳматкаш инсонларга энг олий шарт-шароитни муҳайё қилишимиз шарт!” деяётгандай эди.
Бугунги ташрифимизни бинонинг очилиш маросими эмас, балки илк танишувимиз, деб биламан, – деди Шавкат Мирзиёев. – Янги биномизни баҳорнинг очиқ, ёруғ кунлари очсак, нима дейсизлар.
Таклиф ҳаммага бирдай маъқул бўлди.
Президентимиз уюшманинг янги биносидан сўнг Адиблар хиёбонида ўрнатилган Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ғафур Ғулом, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби эл севган ижодкорларга қўйилган ҳайкаллар билан танишди. Бу борада ҳам асосли таклифу тавсиялар, аниқ топшириқлар берилди.
Очиғи, Президент билан кечган мулоқот жараёнининнг зоҳирий қисмини қоғозга туширяпман-у, учрашувнинг ботиний қисмини – руҳиятимизда рўй берган янгиланиш, Юртбошимиздан олган маънавий қувватимизни ифодалашга қаламим ожизлик қилаётгандай.
Учрашувда Президентимиз адолат ва шукроналик тушунчасини ёнма-ён тилга олди. Бу бежиз эмас. Адолат бор жойда шукроналик муҳити бўлади. Эзгу ғоялар билан озиқланган адабиёт ўқувчини борлиққа, жамиятга адолат кўзи билан боқишга, шукр ҳисси билан яшашга ўргатади.
Айтишларича, мустабид тузум даврида ноҳақликка учраб, руҳи синган маърифатпарварлардан бирига “Нега ёзмаяпсиз?” деб савол беришганида:
“Ўт кўкармас, мева пишмас, бўлмаса сув томчиси,
Шоир шеърни қайдан олсин, бўлмаса илҳомчиси?!” – деб жавоб қилган экан. Дарҳақиқат, ижодкор кўнгли, мулоқот давомида Президентимиз кўп бора таъкидлаганидек, жуда нозик бўлади. Хайрихоҳлик, ғамхўрлик бўлмаса, ижод жараёнига Яратган томонидан инъом этилган ноёб ҳодиса деб қаралмаса, ҳар қандай қобилият сўниб кетиши мумкин.
Бугун – нафақат ижод аҳли, оддий юртдошларимиз ҳам илҳомланиб, тўлиб-тошиб юрган кунлар. Ҳар лаҳзада кўнглимизда, руҳиятимизда янгича шавқ, шижоат тўлқини ҳосил бўляпти. Бу ҳайрату ҳаяжон тўлқинлари энди пишиқ, яхши асарларга айланмоғи зарур. Зеро, меҳр билан парвариш қилинган мевали дарахтдан, алалоқибат, мўл ҳосил кутилади.
Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси – бизнинг тийнатимизда, қалбимизда бунёд бўлаётган нурли маънавият қасрининг моддий кўриниши. Тобора кўркамлашиб бораётган бу муборак маскан нафақат пойтахтимизнинг, бутун мамлакатимизнинг маърифий марказига айлангусидир.
“Ёшлик” журнали бош муҳаррири,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси