...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент келиб-кетгач: Абдулла Қаҳҳорнинг ҳайкали тўрт ойга бормай аянчли ҳолга тушди!


13:57, 17.04.2018 Таҳлил
 9 812

Энди айтингчи, қалбимизда улуғвор сиймоси билан қолган кишилар хотирасига нураган ҳайкаллар қўйиш, уларнинг кун сайин баттар аҳволга тушиб боришини жим томоша қилиб туриш бизга ярашадими?

Турсунали Қўзиевни ижод олами вакиллари яхши танийди. Бир вақтлар Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири лавозимида фаолият юритган бу инсон ижтимоий тармоқларда кўпинча одамлар эътиборидан четда, жамиятнинг майда муаммолари орасида кўринмай кетаётган, бироқ маънавиятимизга жиддий зарар келтирувчи масалалар ҳақида сўз очади.
 
Академик Турсунали Қўзиев бу сафар эътиборини Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонига ўрнатилган ҳайкалларга, анироғи, ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг узоқдан қараганда маҳобатли, яқиндан эса нураб қолган ҳайкалига эътибор қаратди.
 
“Ҳориган ёзувчи, номуносиб хотира, нотинч Насимов, хотиржам шаҳарликлар ва мамнун ёзувчилар”, деб номлайди у ўз мулоҳазаларини.
 
“Мен йилдан йилга нураб бораётган адибларнинг ҳайкаллари ҳақида кўп хат ва мурожаатномалар ёздим. Бахтиёр ака Насимовдан ҳам мустақиллик йилларида ўрнатилган шоир ва ёзувчиларнинг ҳароб бўлаётган ҳайкаллари тўғрисида кўплаб постлар бўлди. Аввал бошида у болаларча ҳайрат билан ҳар қиш фаслидан кейин ҳайкалларнинг қанчалик аянчи ҳолга келиб қолганини ёзди. Кейин хотирага нисбатан бефарқликни кўриб жаҳли чиқиб, жамоатчиликни инсофга чақирди. Шаҳар унга сукут билан жавоб қайтарди. Насимов кабиларнинг чақириғи сабаб бошқа ҳайкалларни қаттиқ материал бронзага ўтказдилар. Қолганлари 10 йиллар аввал ўрнатилгани бўйича гипс (оҳак) бўлиб қолаверди”, дейди Турсунали Қўзиев.


 
Айни дамда Ўзбекистон Шахмат федерацияси президенти ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган академик Турсунали Қўзиев Тошкент шаҳридаги деярли барча маданият ва истроҳат боғлари ёзувчилар, адиблар номи билан аталишини урғулади. Қолаверса, Ўзбекистон Репсубликаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Адиблар хиёбонига ҳам тўхталади. Ушбу хиёбонда сўз мулкининг султони Алишер Навоийдан тортиб, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Озод Шарофиддинов, Саид Аҳмад, Саида Зуннунова, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби шоир ва ёзувчиларнинг ҳайкаллари ўрнатилган. Қўзиев фикрида давом этади:
 
“Бугун барча Президентнинг ёзувчи биродарларга ҳозиргача мисли кўрилмаган эътиборини таъкидламоқда. Ёши, йўналиши, жанри ва баъзан иқтидоридан қатъи назар... Эндиликда ёзувчиларга давлат ва ҳомийлар ҳисобидан уй, дала-ҳовли, гонорар ва таътил ажратилмоқда. Хуллас, Алишер Навоий замонидан бери ёзувчилар орзу қилган барча нарса.
 
Республика Президенти ташаббуси билан пойтахт марказидаги барча истироҳат боғлари адабиётшуносларга қарашли (уларнинг номи берилгани назарда тутилган). Бу ерда Буюк Навоий ва бошқа барча хиёбонлар. Ёзувчиларнинг ёзиши ва миллий адабиётни ҳеч бўлмаса, Абдулла Қаҳҳор даражасигача кўтариш учун қисқа фурсатларда ҳақиқий ёзувчилар саройини қуриб битказишди”.
 
Турсунали Қўзиев бир неча йиллардан буён Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида дарс бериб келмоқда. У яқиндагина талабалари билан Адиблар хиёбонига борганини, ёшлардан бири Абдулла Қаҳҳор ҳайкалининг нураб ётганини кўриб, бундан ҳайратга тушганини ёзади.
 
“Хиёбон бўйлаб айланиб юрган талабаларимдан бири Абдулла Қаҳҳор ҳайкали ҳолатини кўриб, эсанкираб қолди. Наҳотки ҳар куни ялтироқ сарой томонга кетаркан ҳеч бир ёзувчининг кўзи ушбу “хотира”ни кўрмайди деган савол туғилди мустақиллик тенгдошида. Унга нима деб жавоб бериш керак? Ёки бу талабанинг ҳам биз каби кўр, бефарқ бўлишини кутиб туриш керакми?”, деб сўзларини якунлайди Турсунали Қўзиев.
 
Академикнинг ёзганларида жон бор. Ижтимоий тармоқдаги муҳокамада ҳам кўплаб зиёлилар Турсунали Қўзиевнинг куйинчаклигини қўллаб-қувватлаб, адиблар хотирасига ҳурмат бир кунлик ёки бир неча соатлик бўлмаслигини айтишмоқда.
 


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкатт Мирзиёев 23 декабрь куни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида бунёд этилган янги биноси қурилиши ва Адиблар хиёбонида амалга оширилаётган ишлар билан танишган эди. Ўшанда кўплар қатори Абдулла Қаҳҳорнинг ҳайкали ҳам ҳавас қилса арзигулик, тилла рангга бўялган, маҳобатли эди. Бу ташрифга ҳали тўрт ой ҳам бўлмади. Суратда кўриб турганингиздек, Абдулла Қаҳҳор ҳайкали қўлию оёғидан емирилишни бошлади. Бизнинг адибларга кўрсатган ҳурматимиз шуми? Шуми улар хотирасини абадийлаштириш?
 
Абдулла Қаҳҳор каби ижодкорлар одамлар қалбига ўз ҳайкалини, сиймосини ўрнатиб кетган. Улар нурамайди, синмайди, ўчириб, йўқ қилиб ҳам бўлмайди. Аксинча, йиллар ўтгани сайин, китобларини ҳар варақлаганингда бу сиймо янада улуғвор бўлиб бораверади. Энди айтингчи, қалбимизда улуғвор сиймоси билан қолган кишилар хотирасига нураган ҳайкаллар қўйиш, уларнинг кун сайин баттар аҳволга тушиб боришини жим томоша қилиб туриш бизга ярашадими?
 
Бундан бир неча йиллар аввал Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида адиб хотирасига ўрнатилган бюстга ёшлар фломастер, штрих-ўчирғич, бўёқ билан турли беъмани сўзлар ёзиб кетгани, анча вақтгача ҳеч ким бунга эътибор қилмаганини кўрган эдик. Хўш, эртага бу ҳайкаллар ҳам шу кўйга солинмайдими? Мутасаддилар вазиятга тўғри ва холис баҳо берсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
 
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Адиблар хиёбони раҳбариятидан мазкур масала бўйича расмий жавоб кутамиз.
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари

Теглар:Абдулла Қаҳҳор Адиблар хиёбони Турсунали Қўзиев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!