Кам таъминланган оилаларнинг бу уйлар учун бошланғич тўловни амалга оширишга қурби етадими? Кўп ҳолларда йўқ.
Президентнинг “Файзли” муҳалласига бўлган ташрифи бир қанча фуқароларнинг ечимини топмай келаётган муаммоларига ечим, дардларига дармон бўлди.
Президент касб-ҳунар коллежини тамомлаб, банкдан кредит олиш эвазига новвойхона ташкил қилган қизнинг сўзларига қулоқ тутди. Банкдан 25 миллион кредит олган ёш тадбиркорнинг новвойхонаси 3 ойга бормай ноқонуний қурилма сифатида бузиб ташланган. Президент унинг сўзларини тинглаб, “Эртага келиб, ҳоким сизга энг зўр жойдан жой беради. Эй, нон қиляпти экан, сотсин. Бўлмаса, Тошкентдан жой бераман сизга”, дейди.
Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Имконияти чекланганлар, кам таъминланганлар, боқувчисини йўқотган оилаларга ижтимоий кўмак бериш масаласи Президентнинг ҳар бир маърузасидан жой олмоқда.
Тошкент шаҳрида ва вилоятларда кам таъминланган оилалар учун кўп қаватли уйлар қурилаётгани ҳақида ОАВларда кўп ёритилмоқда. Бироқ кам таъминланган оилаларнинг бу уйлар учун бошланғич тўловни амалга оширишга қурби етадими? Кўп ҳолларда йўқ. Президент билан учрашган Дилдора Узоқовани ҳам бир неча йиллардан буён бошпана муаммоси қийнаб келган.
Узоқова хаста онаси ва фарзанди билан 4-5 йилдан буён Янгийўлдаги нураган уйда ижарага яшаб келмоқда. Унинг ўғли иккинчи синфда ўқийди. Йўқчилик сабаб йигитчанинг мактабини икки марта ўзгартиришга тўғри келди.
“Онам қари, ўғлим эса ёш. Ҳаммасига шароит қилиб беришга аёл бошим билан кучим етмади, тўғриси”, дейди Дилдора Узоқова кўзида ёш билан.
Бояги гап: кам таъминланган оила уй учун бошланғич тўловни қаердан топсин? Президент буни ҳам тушунди. “Сизга уй берилади, сиқилманг”, дедилар Президентимиз. Ҳокимиятдан келиб шароитимизни ўрганишди, нима муаммо бўлса, ҳал этамиз деб ваъда қилишди”, дейди Узоқова.
Давлат раҳбарининг Янги йилда амалга оширган илк ташрифи янгийўлликлар учун ҳақиқий байрамга айланиб кетгани тасвирлардан маълум. Халқ манфаатини биринчи ўринга қўяётган раҳбарнинг эринмай оддий одамларнинг дастурхони бошига кириб бориши, улар билан самимий суҳбат қуриши, дардини тинглаб, дармон бўлишга, йўл кўрсатиш, маслаҳат бериш, муаммосининг ечимини топишга интилиши қуйи тизимда ишлаётганларга ўрнак бўлсайди.