Пора олаётган ҳокимият органи ходими ДХХ томонидан ҳибсга олинган.
“Yoshlar” каналининг “Davr” дастурида намойиш қилинган лавхага кўра, Андижон шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича бош мутахассиси Тўхтамурод Қодиров фирибгарлик қилиб, тадбиркордан, Андижон шаҳридаги “Жаҳон бозори” савдо комплекси ҳудудида бўш турган 60 кв.метр ер майдонини ажратиб, керакли ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий тадбиркордан 17500 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 16000 АҚШ долларини олаётган пайтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинганлиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, Тўхтамурод Қодиров улгуржи савдо билан шуғулланиш учун лицензияни бошқа бир тадбиркорга 300 АҚШ долларига сотгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 221 ва 214-моддаларига асосан жиноят иши очилиб, тергов, суриштирув ҳаракатлари олиб бориляпти.