...
МЕНЮ
ONLINE TV

Футболдаги коррупцияга қарши курашга ДХХ ва Бош прокуратура ҳам жалб қилинади


18:56, 26.01.2019 Спорт
 9 808

ЎФА футболдаги қонунбузарликларга қарши ёлғиз курамоқчи эмас.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакат футболи йўлида тўсиқ бўлиб турган коррупция ва шу каби иллатларга қарши курашда давлатнинг масъул идоралари билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда ЎФА Матбуот хизмати хабар берди.
 
“Футбол ривожига тўсқинлик қиладиган таъмагирлик, коррупция, порхўрлик, келишилган ўйинлар, тотализаторлар масаласи ва бошқа шу каби иллатларга қарши кураш аёвсиз бўлади. Ташкилот ўтган йилдагидан фарқи ўлароқ энди фақатгина ўз инспекцияси билан чекланиб қолмай, бу каби кирдикорларга қарши курашувчи давлат муассасалари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўяди. Яъни, футбол ривожига тўсқинлик қилаётган шахсларга, гуруҳларга қарши кураш юзасидан ЎФА мамлакат Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ёрдамига таянишга ҳаракат қилади”, дейилади ЎФАнинг хабарида.
 
Таъкидланишича, махсус инспекция мураббийлар, ҳакамлар, футболчилар, футбол соҳасидаги мансабдор шахсларнинг қонунга зид ишларини назорат қилиб боради. Шунингдек, ЎФА ёки ПФЛда фаолият кўрсатаётган бўлса-да, ўзи қонунларга зид иш кўраётганлар ҳам жазодан четда қолмайди.
 
Мамлакат футболини булғашга уринган мураббий ва футболчилар, нафақат ўз касбларидан қуруқ қолишади, балки қонун олдида ҳам жавоб беришади. Барча футбол клублари раҳбарлари бу ҳақда ўз ишчиларини расман огоҳлантиришлари шарт экани қайд этилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Коррупция 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!