Ўзбекистон Бадиий академияси вакиллари Туркияга ташриф буюриб, музейларда сайланаётган асарларни ўрганиб, тадқиқотлар ўтказишган.
Асарларнинг факсимели нусхалари Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмаги билан Ўзбекистонда намойиш этиш Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейига бепул тақдим этилди.
Кеча, 18 сентябрь куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ушбу кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмед Башар Шен, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур, кўплаб санъатшунослар, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Кўргазмадан ушбу нодир коллекциянинг кичик бир қисми, жумладан, Алишер Навоий портрети, Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари, Низомий “Хамса”си, Жомий асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг шогирди Маҳмуд Музаҳҳиб миниатюралар ишлаган Девон, Хумайи Хумоюн асари, Ҳофиз Абру куллиёти, “Зафарнома”, “Темурнома”, Саъдий Шерозий достонлари ва бошқа нодир қўлёзмаларга ишланган китобот санъатининг ноёб дурдоналари миниатюралар, шамс, зарварақ, унвон ва жилдларнинг гўзал намуналари намойиш этилмоқда.
Кўргазма олдидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, ушбу асарлар Ўзбекистон маданияти ва санъати учун ғоят аҳамиятли бўлиб, уларни танлаб олиш ва тадқиқ этиш осон кечмаган. Ўзбекистон Бадиий академияси вакиллари Туркияга ташриф буюриб, музейларда сайланаётган асарларни ўрганиб, тадқиқотлар ўтказишган.
Ҳамкорликни келгусида янада кенг кўламда давом эттириш мақсадида Тўпқопи саройи музейи Турк ва Ислом асарлари музейи ва Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ўртасида меморандум имзоланди. Расмий ҳужжатни Туркия музейлари номидан Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Маданият ва Туризм ишлари бўйича маслаҳатчиси Жесем Челеби имзолади.