Тадбирда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмед Башар Шен ҳам иштирок этди.
Кеча, 1 июнь куни Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси томонидан ташкил этилган ифтор кечасида ҳам шу ҳақда сўз борди. Унда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган турк инвесторлари ҳам ўзбек ишбилармонлари бир дастурхон атрофига тўпланиб, бир пиёла чой устида самимий суҳбат қурдилар, ҳамкорликнинг янги босқичлари юзасидан фикр алмашдилар.
Тадбир аввалида сўзга чиққан Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси – “Ziraat Bank Uzbekistan” бошқарув раиси Эржан Булут Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдиришини айтди.
“Мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва тижорий ҳамкорликни ривожлантириш ва икки давлатнинг ишбилармонлари орасида ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида 1995 йилнинг 1 май куни ташкил топган уюшмамиз ҳам Ўзбекистон ва Туркия раҳбарларининг қисқа муддат учун берилган 5 миллиард долларлик ташқи тижорат келишувини амалга оширишда жадаллик билан фаолият юритмоқда”.
Эржан Булут сўзида давом этаркан, ушбу тадбирнинг нима учун айнан 1 июнь санасида ташкил этилаётганига аниқлик киритди.
“Бу ифтор кечамизнинг 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида ташкил этилишининг сабаби – келажагимиз бўлган болаларни байрам билан муборакбод этишдир. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси номидан барча болаларни байрам билан, қолаверса, бутун дунё мусулмонларини Рамазон айёми, яқинлашиб келаётган Ҳайит байрами билан қутлайман”.
Тадбирда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмед Башар Шен ҳам иштирок этиб, сўзга чиқди.
“Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишида Ўзбекистоннинг турк фуқароларига виза тизимини бекор қилиши муҳим аҳамият касб этди. Шу боис Ўзбекистонга келиб фаолият олиб боришни истаган туркиялик ишбилармонлар, муқаддас шаҳарларни зиёрат қилиш мақсадида келаётган сайёҳлар сони кун сайин ортиб бормоқда”.
Элчи Ўзбекистон ҳақидаги илиқ фикрларини давом эттираркан, бу ўлканинг турклар ва мамлакат раҳбарияти учун муҳимлигига тўхталди:
“Биз яна бир Рамазон ойини отаюртимиз сифатида қабул қилганимиз, ўзининг муқаддас шаҳарлари Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Термизи ва чексиз олим, уламолар, фан арбобларига эга бўлган Ўзбекистонда ўтказаётганимиздан мамнунмиз.
Ўтган даврда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилда 1,5 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида эса 613 миллион долларни ташкил этди”.
Элчи ўз сўзини якунлар экан, ўзбек-турк ишбилармонлари гарданида катта масъулият тургани ва икки мамлакат раҳбарлари ўртасида амалга оширилган келишувларни рўёбга чиқаришда тадбиркорларнинг ҳиссаси катта бўлиши кераклигини алоҳида қайд этди.