...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси: “Ўзбекистон ва Туркия умумий муваффақиятларга муносиб”


15:06, 31.10.2017 Жамият
 2 858

Аҳмед Башар Шен бугун Ўзбекистоннинг дунё сиёсатида тутган ўрни ҳақида гапирар экан, унинг жаҳон, шу нуқтаи назардан Марказий Осиёдаги тинчликни барқарор ушлаб туришдаги ҳиссасининг аҳамияти ҳақида сўз очди.

Аввалроқ, 30 октябрь куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Туркия Республикаси ташкил топганининг 94 йиллиги муносабати билан қабул маросими ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур қабул маросимида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмед Башар Шен иштирок этиб, нутқ сўзлади.
 
“...Умумий тарих, бир тил, бир тамаддун илдизларидан келиб чиққан турк ва ўзбек халқлари кўнгил ришталари ва самимий қардошлик туйғуларини тарих бўйлаб асраганлар. Мазкур тарих ва тақдир бирлиги сабабли Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган мамлакат — Туркия. Ўзбекистон мустақиллининг мустаҳкамланишига қаратилган қадамларини чин кўнгилдан қўллаган турк сармоядорлари ва тадбиркорлари мустақил Ўзбекистоннинг тараққий этишида таъсирли роль ўйнади”, деб сўз бошлайди элчи.
 
Аҳмед Башар Шен бугун Ўзбекистоннинг дунё сиёсатида тутган ўрни ҳақида гапирар экан, унинг жаҳон, шу нуқтаи назардан Марказий Осиёдаги тинчликни барқарор ушлаб туришдаги ҳиссасининг аҳамияти ҳақида сўз очди.
 
“Ўзбекистон бошқарувининг мушкул халқаро муаммоларга қарамасдан бошлаган ислоҳот ва ҳаракати, ташлаган ўринли қадамлари ҳар соҳада ўз ижобий таъсирини ҳам ичкарида, ҳам ташқарида кўрсатмоқда. Бу жараён нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, кучайтириш салоҳиятига эга”.
 
Ўзбекистон Республикаси ва Туркия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Ўтган вақт икки мамлакатнинг имкониятлари, алоқаларнинг ишончлилигини синовдан ўтказиш даври бўлди, десак муболаға бўлмайди. Айни дамда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларда янги давр, янги саҳифа очилди. Элчи ўз нутқи давомида ушбу масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.
 
“Биз чорак асрлик ҳамкорлик даврини нишонлаётган қардош Ўзбекистон билан муносабатларимизда якдил истиқболдаги 25 йиллик йўналишлари учун янги давр бошланаётганига шоҳид бўлиш ва бунга баҳоли қудрат ўз ҳиссамизни қўшиш ҳаёжонини ҳис этмоқдамиз. Чунки қардош халқларимиз ва мамлакатларимиз тенглик ва ўзаро манфаат тамойилида янада каттароқ қадам ташлар эканлар, умумий муваффақиятларга муносибдирлар”.
 
Элчи ўз нутқини якунлар экан, муносабатларни тиклаш, мустаҳкамлаш ва янги даврни бошлашда ўз ҳиссасини қўшган Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, Ташқи ишлар вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотларига миннатдорлик билдирди. 
 

Теглар:Туркия мустақиллиги куни Ўзбекистон–Туркия Аҳмед Башар Шен Қабул маросими 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар