...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳалима Худойбердиева вафотидан бир ой ўтиб унинг беш жилдлик сайланмаси нашрга берилди


16:37, 19.09.2018 Жамият
 1 764

Айни кунларда мазкур китобнинг биринчи жилди тайёрланиб, кенг омма эътиборига ҳавола этиш арафасида турибди. Кейинги 4 жилди эса нашр этиш жараёнида.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан замонавий ўзбек шеъриятининг йирик вакилларидан бири Ҳалима Худойбердиеванинг  турли йилларда нашр этилган китоблари асосида 5 жилдлик сайланмаси нашрга тайёрланмоқда.
 
Жумладан, Сайланманинг 1-жилдидан ўрин олган шоиранинг беназир битикларини ўқир экансиз, туйғуларнинг ранги ва товушинигина эмас, балки қўл билан тутса бўладиган даражада моддийлашганини ҳис этасиз ва бу инжа туйғулар сизнинг ҳам кўнгил мулкингизга айланиб қолиши ҳеч шубҳасиз.
 
Айни кунларда мазкур китобнинг биринчи жилди тайёрланиб, кенг омма эътиборига ҳавола этиш арафасида турибди. Кейинги 4 жилди эса нашр этиш жараёнида.
 
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Ҳалима Худойбердиева жорий йил 17 август куни 71 ёшида оламдан кўз юмган эди.
 
Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. У ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент давлат университетида таълим олди. Сўнгра “Саодат” журналида аввал бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари ва кейинчалик бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди.
 
Шу давр оралиғида у Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олди. У “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилди. “Ёзувчи” нашриётида етакчи мутахассис ва “Гулистон” журналида адабиёт бўлимини бошқарди.
 
Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, у йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар яратди. Хусусан, унинг “Илк муҳаббат” (1968), “Оқ олмалар” (1973), “Чаман” (1974), “Суянч тоғларим” (1976), “Бобо қуёш”(1977), “Иссиқ қор”(1979), “Садоқат” (1983), “Муқаддас аёл” (1987), “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” (1991), “Ҳурлик ўти” (1993), “Бу кунларга етганлар бор” (1994), “Тўмариснинг айтгани” (1996) каби шеърий, насрий мажмуалари кенг китобхон оммасининг маънавий мулкига айланган. У таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилди.
 
Унинг Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов асарларидан қилган таржималари эътиборлидир. Ҳалима Худойбердиева маҳоратли публицист сифатида ҳам шуҳрат қозонди. Унинг “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилган.
 
Унинг жўшқин шеърияти ёрдамида инсонларни руҳлантириш, уларга ирода, матонат, бағрикенглик ва ҳар қандай шароитда ҳам ўз ижодига содиқ қолишдан иборат ибрат мактаби муносиб баҳоланиб, 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони билан тақдирланган.

Теглар:Ҳалима Худойбердиева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар