Ҳалима Худойбердиева бугун, 18 август куни дафн этилади.
Ҳалима Худойбердиева бугун, 18 август куни дафн этилади. Шоирага туш намозидан сўнг жаноза ўқилиб, "Чиғатой" қабристонига қўйилиши маълум қилинди.
Маълумот ўрнида, Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. У ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент давлат университетида таълим олди. Сўнгра “Саодат” журналида аввал бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари ва кейинчалик бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди. Шу давр оралиғида у Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олди. У “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилди. “Ёзувчи” нашриётида етакчи мутахассис ва “Гулистон” журналида адабиёт бўлимини бошқарди.
Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, шу кунгача у йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар яратди. Хусусан, унинг “Илк муҳаббат” (1968), “Оқ олмалар” (1973), “Чаман” (1974), “Суянч тоғларим” (1976), “Бобо қуёш”(1977), “Иссиқ қор”(1979), “Садоқат” (1983), “Муқаддас аёл” (1987), “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” (1991), “Ҳурлик ўти” (1993), “Бу кунларга етганлар бор” (1994), “Тўмариснинг айтгани” (1996) каби шеърий, насрий мажмуалари кенг китобхон оммасининг маънавий мулкига айланган. У таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилмоқда. Унинг Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов асарларидан қилган таржималари эътиборлидир. Ҳалима Худойбердиева маҳоратли публицист ҳамдир. Унинг “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилади.
Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг оила аъзолари ва яқинларига таҳририятимиз номидан ҳамдардлик билдирамиз.