Раъно Умидуллаевна Қодирова Ички ишлар ходимларига ёлғон кўрсатма бериб, автобус ҳайдовчисидан товламачилик йўли билан пул талаб қилган.
Гап шундаки, 22 март куни Учтепа тумани ИИБга фуқаро Раъно Умидуллаевна Қодирова ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида жорий йилнинг 21 март куни соат тахминан 24:00 да, Isuzu автоуловида йўловчи сифатида кетаётган вақтида, икки нафар номаълум шахслар куч ишлатиб, унинг курткасидан 470.000 сўмлик Samsung Galaxy Mini 3 русумли уяли телефон аппаратини ва 200.000 сўм пулини очиқдан-очиқ эгаллаб, яширинишганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
2017 йил 21 май куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, фуқаро Р.У.Қодирова ғаразли ниятларда гуёки автоулов ҳайдовчиси унга нисбатан талончилик жинояти содир этгани ҳақида кўрсатма бериб, тухмат қилгани, ёлғон хабар ва кўрсатма бериб, товламачилик йўли билан пул талаб қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Р.У.Қодирова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139, 237 ва 238-моддалари (Туҳмат қилиш, ёлғон хабар бериш ва ёлғон гувоҳлик бериш) билан жиноий жавобгарликка тортилган.
Унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.