...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентдаги “пробка”лар қачонгача давом этади? ЙПХ ходимларининг кўзи қаерда?


17:08, 31.10.2018 Жамият
 5 997

Тошкентда аҳоли сонининг ортиши билан бир вақтнинг ўзида автомобиллар ҳам кун сайин кўпайиб бормоқда. Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда пойтахтда 500 мингга яқин автомобиль ҳаракатланяпти. 200-250 минг автомобиль Тошкентга кириб-чиқиши қайд этилган Айрим кўчалар эски, ўз юкламасини ортиғи билан бажаряпти. Тонгги соат 8:00 дан 10:00 гача, кечки 17:00 дан 20:00 гача Тошкентнинг Юнусобод туманидаги кўплаб кўчаларда, хусусан, Аҳмад Дониш ва Янги шаҳар кўчаларини боғловчи чорраҳада, Уч қаҳрамон пости атрофида, Олмазор туманининг Беруний кўчасида кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқараётган автомобиллар тирбандлиги кузатилмоқда. QALAMPIR.UZ келиб тушган мурожаатлар ортидан тушди. Қуйидаги суратлар айнан тирбандликлар вақтида суратга олинган. Биргина Юнусобод туманидаги “Мега планет” савдо кўнгилочар мажмуаси атрофида эрталаб ва кечқурун шундай тирбандлик кузатилади.


 

 
Бу суратларни кўргач, кишининг ваҳимаси ортади, саволлар туғилади: йўл патрул хизмати ходимлари қани, улар қаерга қараяпти?
 
QALAMPIR.UZ мухбири ушбу саволлар билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизхон Умархоновга юзланди.
 
“Тошкент шаҳридаги тирбандликлар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбари бошчилигида доимий назоратда бўлган масалалардан биридир. Айнан шу кўчаларда қайилиш бўйича янги жойларни очиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
 
Хабарингиз бор, бугунги кунда Тошкент шаҳрининг 30 дан ортиқ чорраҳасига светофорнинг қизил чироғи ёнган вақтда ҳам ўнгга қайилишга рухсат берувчи белгиларни ўрнатдик. Сиз айтган ҳудудлардаги “пробка”дан хабаримиз бор. Айни йўллар бугун кун тартибимизда турибди ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда аниқ режалар ишлаб чиқилмоқда. Тез орада эса тирбандлик муаммосининг ечими топилади.
 
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор: кўпчилигимиз хорижий мамлакатларда бўлганмиз. Биламизки, мегаполисларда автомобилларнинг кўплиги ҳисобига, тирбандликлар кун давомида бўлади. Албатта, бу муаммодан қочиш учун баҳона эмас. Бу муаммо бўйича тизимли равишда босқичма-босқич ечим топилади.
 
Тирбандлик кузатилаётган чорраҳаларда ЙПХ инспекторларининг фаолият олиб боришига келсак, баъзан кутилмаган жойларда тирбандликлар юзага келяпти. Шунинг учун инспекторларнинг тирбандлик кузатилаётган жойга етиб келишида ҳам бироз вақт йўқотиляпти. Шу боис ҳайдовчилардан тирбандлик кузатилаётган чорраҳалар ҳақида ўз вақтида ЙПХга хабар беришларини сўраб қолардик”.


 
Умархоновнинг маълум қилишича, йўлларни кенгайтириш, мавжуд кўчаларни таъмирлаш, янги йўл белгиларини ўрнатиш орқали доимий равишда тирбандлик кузатилаётган ҳудудлардаги ҳолат тикланади. Бундан Юнусободдаги кўчалар, шаҳар маркази билан чекка ҳудудларни боғловчи чорраҳалар, қолаверса, Ўрикзор бозори атрофи ҳам мустасно эмас. 

Теглар:Азизхон Умархонов Тошкент шаҳар ИИББ Йўл патрул хизмати 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар