Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2015 йилда 6 минг 600 дан зиёд наркожиноят фош этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2015 йилда 6 минг 600 дан зиёд наркожиноят фош этилган. Улардан ярмини наркотик моддаларни ўтказиш-сотиш ташкил қилган бўлса, қолганлари контрабанда, гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириш, бангихоналар ташкил этиш ва бошқа турдаги наркожиноятлардир.
2015 йилда мамлакатимизда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишида бўлган жами 2 тонна 510 килограмм миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинган. Уларни асосан героин, опий, гашиш, марихуана, кўкнори кабилар ташкил этган.
Оғуфурушлар юртимизга наркотикларни асосан Тожикистон ва Қирғизистон орқали олиб ўтишга уринмоқда. Амударё орқали Сурхондарё вилоятига, жанубий-шарқдан Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига ҳамда шимолий-шарқдан Фарғона водийси ва Тошкент вилоятига олиб киришга уриниш ҳоллари кузатилаётир. Тошкент вилоятининг Бекобод туманида МХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 16,7 килограмм героин ва 4,5 килограммдан ортиқ опий мусодара қилинган. Юк поездларини текшириш натижасида 45 килограммга яқин гашиш ва 27 килограммдан ортиқ героин гиёҳвандлик воситалари аниқланган ва мусодара қилинган.
Ўзбекистонда 2015 йилда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни амалга оширганлиги учун ушланган шахсларнинг 138 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этган. Улардан 364 килограмм наркотик воситалар, 1,4 мингдан ортиқ психотроп таблетка ва бошқа нарковоситалар олиниб, мусодара қилинган.
“Қора дори – 2015” операциясининг кенг қамровли тадбири давомида 0,51 гектар майдонда таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликлар экилганлиги аниқланган. 0,21 гектар майдонда ёввойи наша ўсимлиги йўқ қилинган.
Ички ишлар вазирлиги томонидан 5 мингдан ортиқ наркожиноят аниқланиб, қарийб 1 тонна 60 килограмм наркотик воситалар мусодара қилинган. Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 407 наркожиноят аниқланиб, 1 тонна 95,6 килограмм наркотик воситалар мусодара қилинган.
Давлат божхона қўмитаси томонидан наркотик ва психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ 425 ҳолат аниқланган. Натижада 435,4 килограмм наркотик ва бошқа психотроп таблеткалар мусодара қилинган.
Бош прокуратура томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов олиб борган наркотик воситалари билан боғлиқ 4 минг 573 жиноят иши назорат тариқасида ўрганилган. Судлар томонидан 4 минг 578 шахсга нисбатан наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига оид жиноят ишлари кўриб чиқилган.