“Тўғри, Тошкентда ҳам бу ўйинни ўйнаётганлар топилди”, дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси вакили.
Чегара билмас интернет оламининг қулайликлари кун сайин ортгани билан унинг зарарлари ҳам кўзга ташланиб бормоқда. Ҳар яхши нарсадан бир ёмон мақсадда фойдаланиш мумкин. Бугун интернет, ижтимоий тармоқлар яхшиликдан кўра, ёмонликларга хизмат қилиб қолаётганига кўп бор дуч келаяпмиз.
Одамлар тилида фақат бир гап: кўрдингми, эшитдингми, “Кўк кит” деган ўйин чиқибди? Оири ўлим экан, агар ўйин иштирокчиси ўзини ўлдирмаса, ўйин бошқарувчилари унинг ота-онасига таҳдид қилишаркан... Бугун бундай гап-сўзлар кўпчиликнинг, асосан, интернет фойдаланувчиларининг қулоғига чалинган бўлиши табиий.
Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларда кўплаб ёшларнинг, ўсмирларнинг ўлимига сабабчи бўлган “Кўк кит” ўйини қурбонлари Тошкентда ҳам топилибди, мактаб, академик лицей ва касб ҳунар коллежи ўқитувчиларига катта йиғилишларда огоҳлантириш берилибди, деган гаплар кун сайин урчиб бормоқда. Миш-миш ўзи номи билан миш-миш, бироқ халқда шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, дегувчилар ҳам топилади. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бўлиб ўтган йиғилишда мазкур масалага ойдинлик киритилди.
“Ўқувчи-ёшларнинг интернет орқали шундай ўйинларни ўйнаётгани бўйича мактаб ва маҳаллалардан бизга ҳам сигнал келиб тушди. Айни дамда қатор ташкилотлар билан бу ўйин хавфини ўзида акс эттирган видеороликлар ишлаб чиқяпмиз. Ушбу видеороликларни мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, қолаверса, маҳаллаларда кўрсатишни режалаштирганмиз.
Тўғри, Тошкентда ҳам бу ўйинни ўйнаётганлар топилди. Аммо улар ўз жонига қасд қилишининг олди олинди”, дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси вакили.
“Кўк кит” ўйини аслида 2015 йил пайдо бўлганди. Рина Паленкова ўзини, Уссиририйскда поезд остига ташлагани тасвирланган фотосурат интернет тармоғида катта ғалваларга сабаб бўлгач, у ҳақда кўп гапира бошланди.
2016 йил ноябрь ойида ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати бир мунча кўпайган пайтда, квестларни яратувчиси Филипп Лис шахси аниқланиб, асли исми Филипп Будейкин бўлган ўспирин Россия ФХХ томонидан қўлга олинган эди.
“Кўк кит”га ўхшаш хавфли ўйинлар россиялик ҳакерлар томонидан ўйлаб топилган. Бундай ўйинларнинг мақсади бир – ўйин иштирокичисини ўз жонига қасд қилишга ундаш. Ўйинга қизиқиб кириб қолган интернет фойдаланувчиси ўз-ўзидан унинг домига тушиб қолганини билмайди. Боиси ўйинни бошлаганларга бу ўйин зарарсиз экани тушунтиралади”, дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев.