Тимсоҳнинг ошқозонидан болалар ўйинчоғи топилган. Бундан ташқари, яқинда келтирилган жирафа ҳам узунлиги 20 см келадиган металл жисмдан зарарланиши мумкин эди.
Хусусан, шу йил 7 ноябрь куни ҳайвонот боғига яқинда келтирилган жирафа текширувдан ўтказилганда, унинг егулик идишидан узунлиги 20 см келадиган тўқиш учун мўлжалланан металл сим топилган. Агар бу буюм егулик билан бирга жирафанинг ошқозонига тушганида, албатта, салбий оқибатларга олиб келиши тайин эди.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолат Нил тимсоҳи билан юз берди. “Бой” лақабли тимсоҳ 3 йил аввал Исроилдан келтирилганди. Ўшанда унинг узунлиги 120 см бўлиб, Ўзбекистон шароитига тезда мослашиб кетганди ва натижада унинг узунлиги 2 метрдан ошиб кетган. Афсуски, шу йил 10 ноябрь куни тимсоҳ нобуд бўлди. Текширувлар натижасида унинг ошқозонидан болалар ўйинчоғи топилди. Айнан ана шу бегона жисмнинг тимсоҳ ошқозонига тушиб қолгани унинг ўлимига сабаб бўлган.
Ҳайвонот боғи ходимлари ташриф буюрувчиларни яна бир бор ҳайвонларнинг қафасларига турли буюмларни ташламасликка, эътиборли бўлишга чақиришмоқда.