Иккала йирик компания ўртасидаги келишмовчилик ҳали-бери барҳам топадиганга ўхшамайди.
Тадбиркорликда реклама алоҳида ўринга эгалиги ҳеч кимга сир эмас. Буни яхши англаган “Imzo” бренди имкониятдан ўзи учун унумли фойдалана олди. Сўнгги вақтларда мазкур бренднинг телевидение орқали намойиш этилаётган реклама роликларида ишлатилган “коса ичида нимкоса” қабилидаги илмоқли гаплар пластик ром ишлаб чиқарувчи бошқа компанияларнинг ғашига тегди. Бу борада фақатгина “Ekopen”компанияси адолат қарор топишини мақсад қилиб, жасорат билан “Imzo” брендининг рекламалари юзасидан “AKFA” компаниясига компаниясига очиқ хат ёзди.
Хатда компания носоғлом рақобат сиёсатини олиб бораётганлигига ишора қилинган. Хусусан, “Imzo” рекламаларидаги айрим иборалар ва тасвирлар бошқа компаниялар хизмат кўрсатиш сифатини “яширин реклама” орқали паст баҳолайди, дея таъкидланмоқда. Бу ҳолат кўплаб эътирозларга сабаб бўлди.
Биз икки кун давомида ҳар иккала компаниянинг вакиллари билан боғланиб, очиқ хат тўғрисида изоҳларини олишга ҳаракат қилдик. Ниҳоят “Imzo”чилардан узоқ кутилган хабар келди. Компаниянинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими ходимаси биз билан боғланиб, мазкур вазият юзасидан компания номидан баёнот берди:
“Аввало, компаниямиз фаолиятига бефарқ бўлмаганингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. “Imzo” компанияси “Ekopen” компанияси томонидан йўлланган очиқ хатни жавобсиз қолдиришга қарор қилди, яъни компаниямиз бу хат юзасидан ҳеч қандай изоҳ беришни истамайди ва беэътибор қолдиришни афзал кўради”, дейди биз билан боғланган ходима.
“Ekopen” компанияси ҳам мазкур ҳолат, хусусан, рақобатчининг бефарқлиги юзасидан ҳеч қандай изоҳ беришни хоҳламади. Бирор эътироз ёки вазиятга муносабат билидириш истаги туғилса, компания сайти орқали чиқиш қилишларини маълум қилишди.
Иккала йирик компания ўртасидаги бу келишмовчилик бу билан барҳам топадиганга ўхшамайди. Биз эса кузатишда давом этамиз.