Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Азиз Қаюмовнинг очиқ хати жавобсиз қолгач, яна уч нафар академик Тошкент шаҳар ҳокимига очиқ хат билан чиқди.
Бироқ ўтган вақт мобайнида ушбу очиқ хатга Тошкент шаҳар ҳокимлиги расман жавоб бермади. Балки ҳокимиятдаги мутасаддиларнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги ёзган очиқ хатига жавоб ёзишга вақти йўқдир, ёки кўтарилган масалани ҳал қилолмай оввора.
Ҳокимиятдаги бу масалага мутасадди кишилар хатни ўқиб, хатони қонуний тўғрилаб қўйишимизни фақатгина “умид қилиб” сўрабди-ку, деган мулоҳазада хатга беэтибор муносабатда бўлган, шекилли.
“Очиқ хат”га бир оғиз ҳам на ижобий, на танқидий жавоб қайтармаслик мутасаддиларнинг фуқаролар ёзган “илтимос” ёки “умид қилиб” масалани ижобий кўриб чиқишини сўрашларига кўникиб қолганини билдиради. Ёки мутасаддилар фақат “буйруқ”лар билан банд бўлишга одатланиб қолган.
Шу тариқа академик Азиз Қаюмовнинг очиқ хати жавобсиз қолгач, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг яна уч нафар аъзоси, академиклар: Бахтиёр Назаров, Наим Каримов ва Тўра Мирзаевлар кўтарилган масалани ижобий ҳал қилиб беришларини сўраб Тошкент шаҳар ҳокимига ўз мурожаатларини йўллашган.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз мамлакатимиз маърифий келажаги учун асос бўладаган масканларимизни ривожлантиришга масъулмиз. Буни ҳокимиятдаги мутасаддилар ҳам, оддий фуқаролар ҳам яхши англашлари лозим. Шу боис Ўзбекистоннинг илм аҳли намоёндалари мамлакат маданий ва маърифий ҳаётида аҳамиятли бўлган масала ҳақида мурожаат билан чиқишган.
Ўзбекитон Республикаси Фанлар академияси академиклари ўзларининг мурожаатида қуйидагиларни таъкидлайдилар:
“Академик Азиз Қаюмовнинг мазкур очиқ хати биз адабиётшунос олимлар ва кўпчилик ижод аҳлининг айни кўнглидаги гап бўлди десак, муболаға бўлмайди. Чунки, мамлакатимизда музейлар кўп, бироқ улар орасида Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи айрича аҳамиятга эга. Республикамиздаги бошқа кўплаб музей ва илмий муассасаларнинг ташкил топишида айнан ушбу музейнинг хизмати катта. Бир пайтлар Ҳамид Сулаймоновдек олим бу музейни юксак бир мақомга кўтарган, унинг довруғини дунёга таратган эди.
Афсуски, кейинги йилларда музейга эътибор берилмай, қаровсиз ҳолга ташлаб қўйилди. Очиғи, ҳар гал зиёрат қилгани ёхуд бирор бир тадбир юзасидан бу ерга келсак, Алишер Навоий номи билан аталадиган музейнинг аҳволини кўриб, юрагимизнинг бир чеккаси ачишиб кетади. Чунки, бу музейда фольклор намуналаридан тортиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларнинг қўлёзмалари, бугунги кунда ҳам ижод қилиб келаётган ижодкорларнинг архиви жой олган муҳташам бир даргоҳдир. Қоидага кўра музей жойлашган бинода фаолият тури айрича бўлган бошқа ташкилотнинг жойлашувчи мақсадга мувофиқ эмас.
Айни пайтда, очиқ хатда тўғри таъкидланганидек, биз ҳамиша тадбиркорларимизни қўллаб, қувватлашимиз керак. Имкон қадар уларга кўмак беришимиз зарур. Мамлакатимиз раҳбари урғулаётгандек, тадбиркорлик ривожланса, халқ бойийди, мамлакат ривожланади. Бироқ, бу тадбиркорлик Алишер Навоийдек алломаларимизнинг меросига ҳурматсизлик ҳисобига бўлмаслиги керак. Бу ўринда тадбиркор эмас, балки уларни ҳам ноқулай аҳволга солиб, минг ҳижолатга қўйиб, музейдан жой ажратиб берган шаҳар ҳокимияти раҳбарлари жавоб беришлари керак, деб ўйлаймиз.
Шаҳар ҳокимиятидагилар бу очиқ хатни яна бир бор керакли давраларда муҳокама қилиб, йўл қўйилган хатони ўз вақтида тузатадилар ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейидан ноқонуний равишда олиб қўйилган қисми тез орада яна музейга қонуний равишда қайтарилади, деб умид қиламиз”.