...
МЕНЮ
ONLINE TV

Гулнора Каримованинг ўғли – кичик Ислом Каримов Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўради


20:52, 30.01.2018 Жамият
 25 020

Кичик Ислом Каримовга адвокати АҚШдан бошпана сўрашни тавсия қилган, аммо у Британияни танлаган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Буюк Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўради. Бу ҳақда “BBC” кичик Ислом Каримовнинг Лондондаги адвокатларига яқин манбага асосланиб хабар бермоқда.
 
Нашр ушбу маълумотни тасдиқлаш учун 2017 йилнинг 20 декабрида Ислом Каримовга боғланганида, у қуйидагича жавоб берган:
 
“Ҳа, юридик процедуралар ва ҳужжатлар тайёр бўлиши биланоқ бу йил бошпана сўрайман. Онамга боғлиқ йирик ўзгариш юз берди. Бу қаттиқ сир сақланмоқда, аммо у борасида қилинадиган эълон ҳақида менга қатор хабарлар етиб келди. Бунга ақл бовар қилмайди, ақли жойида бўлган одам тасаввур ҳам қила олмайди”.
 
Хабарда маълум қилинишича, кичик Ислом Каримовга адвокати АҚШдан бошпана сўрашни тавсия қилган, аммо у Британияни танлаган.
 
Ислом Каримовнинг тўнғич невараси ўз онаси Гулнора Каримованинг ширкатлари ёпилгандан буён Британияда яшаб келаётгани айтилмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова жиноий иши бўйича тўлиқ расмий маълумотни эълон қилган эди. Унда қайд этилишича, ҳозирда 12 та хорижий давлат ҳудудида 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги маблағ легаллаштирилган.
 
Кейинроқ, Гулнора Каримованинг Швейцарияда 784 миллион АҚШ доллари, яъни 800 миллион Швейцария франки музлатилди.
 
2017 йилнинг 21 декабрь куни АҚШ бутун дунё бўйлаб коррупция, инсон ҳуқуқларини поймол қилганликда гумон қилинган бир қатор кишиларга нисбатан санкция эълон қилди. Санкция рўйхатига киритилган кишилар ичида Гулнора Каримованинг номи ҳам келтирилган.

Теглар:Гулнора Каримова Ислом Каримов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар