...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президентнинг янги фармони: академикларга ойлик гонорар тўлашнинг янги тартиби белгиланди


00:06, 30.12.2017 Жамият
 4 218

Президент “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ҳам имзолади.

Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 29 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
 
Бугун Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ҳам имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг  фармони
 
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзоларини янада қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини рағбатлантириш, республиканинг академик илм-фани нуфузини ошириш мақсадида:
 
1. Белгилаб қўйилсинки:
 
2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ва собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари (кейинги ўринларда академиклар деб аталади) учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн икки баробари миқдорида, собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг мухбир аъзолари (кейинги ўринларда мухбир аъзолар деб аталади) учун эса – энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробари миқдорида ойлик гонорар тўланади; академикларга ва мухбир аъзоларга тўланадиган ойлик гонорарлар жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилади.
 
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йил 1 январдан бошлаб ушбу Фармоннинг 1-бандида белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни ажратишни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
 
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; ўзлари қабул қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсинлар.
 
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4907-сон Фармонининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзоларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5146-сон Фармонининг 1-бандида иккинчи ва учинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.
 
5. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Р.Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Йўлдошев зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 декабрь

Теглар:Президент фармони академиклар фанлар академияси гонорар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар