Ерга яқинлашувчи астероидларнинг рўйхати астрономларга аввалдан маълум
Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти ушбу хабар бўйича муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 2019 йилда Ерга яқинлашувчи астероидларнинг рўйхати астрономларга аввалдан маълум ва улар мунтазам мониторинг қилиб борилади.
2019 йилнинг апрель ойигача Ерга яқинлашиши кутилаётган астероидларнинг сони 20 дан ортиқ бўлиб, уларнинг Ерга ўртача яқинлашиш масофаси 5 миллион километрни ташкил этади.
Эртага, яъни 1 февралда Ерга яқинлашувчи астероид шу йилнинг январь ойида очилган бўлиб, унга 2019АВ2 дастлабки ном берилган. Унинг ўлчами 150-340 метрни ташкил этиб, у Ерга 6 миллион километргача яқинлашади. Бунда унинг траекторияси Ерга йўналтирилган чизиққа тик йўналишда бўлади. Астероиднинг Ерга бундай масофада яқинлашуви ва юқоридаги траекторияга эгалиги туфайли у Ерга ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Россия телеканали хабарида Ерга яқинлашаётган астероид галактикалараро фазодан келмоқда, дейилган. Бу фикр хабарнинг ёлғонлигидан дарак беради. Чунки астероидлар Қуёш тизими аъзолари бўлиб, уларнинг бошқа галактикаларга алоқаси йўқ.
Шу боис бу хабар билан танишиб чиққанимиздан сўнг, унинг мутлақо ёлғон уйдирма эканлиги маълум бўлди, дейилади Астрономия институти хабарида.