“Тошшаҳартрансхизмат” 80 та янги автобус сотиб олган.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ва Тошкентдаги автобус саройлари масъул ходимлари иштирок этиб, заводда мазкур моделдаги автобусни ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишган. SAZ LE60 автобусининг техник имкониятлари, ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлари ҳамда мазкур транспорт воситасидан фойдаланиш қоидалари ҳақида батафсил маълумот берилган.
– Мазкур автобус модели заводимиз конструкторларининг биринчи интеллектуал маҳсулоти, миллий бренд ҳисобланади. Шаҳар ички йўналишларига мўлжалланган ушбу автобус полининг пастлиги ҳамда йўловчиларни олиш ва туширишда шассининг пасайиши, яъни “книлинг” тизимининг мавжудлиги, имконияти чекланган йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратилгани, кондиционер ўрнатилгани ва бошқа шу каби имкониятлари билан ажралиб туради. Автобуснинг умумий йўловчи сиғими 56 кишини ташкил этиб, 25 ўриндиқ ўрнатилган. “Evro-4” экологик стандартига жавоб берадиган ISUZU двигатели ўрнатилган, деган Самарқанд автомобиль заводининг техник масалалар бўйича директори Ҳ.Қобилов.
2014 йилдан буён ишлаб чиқарилаётган ушбу модел айни пайтда Россия, Қозоғистон, Грузия давлатларига буюртма асосида етказиб берилмоқда. Шунингдек, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳам синовдан ўтказилиб, йўналишларда фойдаланиш учун харид қилинмоқда.
ЎзАнинг таъкидлашича, “Самарқанд автомобиль заводи” ва “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ўртасида тузилган шартномага кўра, жорий йилда завод пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига хизмат кўрсатиш учун 80 та ана шундай замонавий автобусларни етказиб беришни режалаштирилган. 2019 йилда эса яна 200 та SAZ LE60 автобуслари пойтахт кўчаларида ҳаракатлана бошлайди.