Опа-сингил Аҳматовалар ва уларнинг ҳамтовоқлари 7,3 млн сўмлик тамаки маҳсулотларини Туркия олиб чиқиб кетаётганда кўлга тушган.
2016 йилда “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан аниқланган 100 та божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати 234 млн сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан, “Тошкент-Истанбул” рейси бўйича бир кунда парвозга отланган самарқандлик опа-сингил Аҳматовалар (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган), уларнинг ҳамроҳлари Д.Абдуалиева ва Р.Сайфиддиновлар 1360 қути “KENT HD” сигаретларини йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб чиқишга уринишган пайтда тўхтатиб қолинди. Хорижда пуллаш учун кўзланган мазкур тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати 7,3 млн сўмни ташкил қилган.
Навбатдаги қонунбузарлик ҳолатлари ҳам юқоридагисига жуда ўхшаш. Яна ўша рейс, яна ўша манзил, яна ўша номдаги тамаки маҳсулоти! Бу гал божхоначилари фуқаро Т.Исомовни қинғир қилмиши устида фош қилишди. У багажига яширган ҳолда қиймати салкам 1,6 млн сўмлик 300 қути сигаретни божхона назоратидан четлаб, олиб чиқишга уринган.
Унинг ҳамшаҳри Ш.Ибодов “Тошкент – Нью Йорк” рейси бўйича парвози олдидан 2,8 млн сўмдан ортиқ бўлган 570 қути сигаретларни яширин равишда олиб чиқишга уринган пайтда фош қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.