...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тадбиркорга мададкор борми? Ёхуд Гурланни гуллатган тадбиркорнинг синиши ҳақида


15:48, 21.05.2018 Жамият
 6 861

Ушбу суҳбатда гурланлик тадбиркор Шериммат Алимов бошидан кечирган қийинчиликлари ҳақида сўз очди. Унинг дардларини сиз ҳам тинглаб кўринг.

Бундан неча асрлар муқаддам соҳибқирон Амир Темур: Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган эди.
 
Тадбиркор шахсларга берилган бундай тарифнинг нақадар ҳақиқат эканлигига бугунги кунда ҳам яна амин бўлмоқдамиз. Аммо соҳибқирон айтиб ўтган ўша азми қатъий, шижоатли тадбиркор ҳам бир кун келиб   лоқайд, тадбирсиз кишиларнинг қурбонига айланиши ҳам ҳеч гап эмас экан.
 
Бунга мустақилликнинг илк йили – 1991 йилда ёш бўлиб биринчи хусусий новвойхоналардан бирини очган. Чегарадан ўтиш амримаҳол бўлган йиллари экспорт-импорт билан шуғулланиб Ўзбекистонга  миллонлаб долларлар олиб келган, бугунги кунда эса ўша лоқайд кимсалар томонидан “қоқ белидан синдирилган”  гурланлик, олий маълумотли  тадбиркор Шериммат Алимов билан суҳбатлашганимизда амин бўлдик.
 
Тадбиркор икки йилдан буён адолат истаб, миллион-миллионлик мол-мулки, пешона тери билан топган пулларини қайтаришга ёрдам сўрайди. Энг қуйи ташкилотдан токи Олий Судгача мурожаат қилган. Йигирма тўрт ойдан буён тақиллатмаган эшиги қолмаган Шериммат Алимовнинг биз билан суҳбатлашишдан мақсади – мадад топиш эмас, балки ҳеч ким тинглашни истамаган дарду-ҳасратларини юзага чиқариб, шундан таскин топиш бўлди. Унинг дардларини сиз ҳам тинглаб кўринг.
 
Ишбилармоннинг изтироблари
 
“Мутахассислигим иқтисодчи-ҳисобчи”, дея суҳбатни бошлади Шериммат Алимов.
 
– Тошкент халқ хўжалик институтининг савдо факулътетини тугатганман. 1983 йилдан бошлаб, “Гурлан савдо” шўъба корхонасида ҳар хил лавозимларда ишлаб келдим. Мустақиллик бизга сиёсий эркинлик билан бирга иқтисодий эркинликни ҳам берди. Шу сабаб 1991  йилнинг ўзидаёқ  Вазир кишлогида  хусусий  новвойхонани  ишга туширдик. Сертификатларни  олиб  конуний  ишладик. У пайтларда  бошқа хеч қаерда  новвойхоналар бўлган эмас  эди. Кейинчалик  оиламиз шифокорлар оиласи бўлганлиги сабаб қишлоғимизда хусусий шифохона очдим. Соғлиқни  Сақлаш  Вазирлигидан 5 йуналиш  буйича  лицензия  олиб ишлашни бошладик.
 
2007 йилда “Гурлан Савдо” шўъба корхонасига директор лавозимига тайинландим. Бу корхона халқ орасида “РайПО” деб юритилар эди. Ўша йиллари “РайПО” бутунлай банкрот ҳолатига тушиб қолган, унга қарашли барча дўконлар талон-тарож қилинган, арзон гаров сотиб юборилган эди.  Туман бўйича корхонага қарашли битта универмаг, битта “гастраном”, Вазир қишлоғида битта дўкон қолган бўлиб, улар ҳам хароб аҳволда эди.
 
Корхонага бошлиқ бўлгач, ҳар бир қишлоқда биттадан янги дўкон қурдирдим. Туман марказида тирик балиқлар сотиладиган раста очтирдим, корхонага қарашли тўйхона ҳам очдик. Буларнинг барчасига шахсий ҳисобимдан 55 миллондан зиёд пул сарфладим. 2011  йил вилоятда биринчи бўлиб  Жанубий  Кореялик ҳамкорлар билан  холодильник омборхона қуриш учун шартнома имзоладик.  Холодильникнинг  баҳоси  90 минг 861 АКШ  доллари эди. Корхона  ҳисобида  валюта  етишмаганлиги сабабли,  танишларимдан  қарз олиб  15 минг 245 АҚШ  доллари (ўша  пайтда 55 миллион сўм) ни ўз ҳисобимдан холодильник олиб келиш учун топиб бердим.
 
2010 йилдан экспорт билан шуғуллана бошлаб корхонага Isuzu юк машинаси олиб, холодильник  рефрежератор  ўрнатдик ва халқаро қатновга рухсат олиб тахографлар қўйдириб, Қозоғистонга юк ташишни бошладик. Шу тариқа икки-уч йилнинг ўзидаёқ, карийб 1 миллион доллар атрофида экспорт қилдик. У пайтда мажбурий сотув 50 фоиз бўлган эди.
 
Иқтисодий кризис йиллари Туркманистондан ўсимлик ёғи,  Россиядан  ун, кунгабоқар ёғи, гугурт,  ёгоч-тахта, Қозоғистондан ун,  Каспий муз балиғи ва бошқаларни шахсан ўзим келтириб туман аҳлини таъминладим. Шу билан бирга ёшларга экспорт ва импорт нималигини тушунтира бошладим.
 
Экспорт билан шуғулланишни бошлаганимиздан кейин корхона  маҳсулотни  ўзи етиштирса, мажбурий сотувдан озод бўлишини эътиборга олиб, 2014 йил 20 гектар ерга сабзавот полиз экинлари ва 8 гектар ерга боғ қилиш  учун  балл банинетити  паст жойлардан ер ажратиб олдик. Уч  йил қаттиқ меҳнат қилиб ўша жойларни ажойиб боғга айлантирди.
 
Корхонани оёққа турғизиб, импорт-экспорт билан шуғулланиб, чет эл сармоядорларни жалб қилиш билан бирга қўшма корхоналарни йўлга қўйгач, ушбу корхонага сиғмай қолдим. Тўғрироғи, юқоридаги раҳбарлар сиғдиришмади.
 
Хуллас, 2016 йил 2 август куни менга ишдан бўшаш ҳақидаги аризани ёздириб олишди. Шу билан қутилсам кошки эди. Эртаси куни “Хоразм Кафолатсавдо”  ходимлари – бош  ҳисобчи Рустам Каримқулиев, Рўзмат Аллаберганов, Аматжон Қурбановлар менинг иштироким ва имзоларимсиз,  яширин равишда корхонани тафтиш қилиб, 433 миллион  сўмлик  камомади бор (аслида корхонада бир сўмлик камомад мавжуд бўлмаса ҳам) дея департамент орқали ишни прокуратурага оширишибди. 

“Хоразм Кафолатсавдо” ҳиссадорлик жамияти ходимларининг шошилинч тафтиш қилишларига сабаб мен экспорт ишлари билан қўшни мамлакат ва вилоятларга кетган пайтимда “Агробанк”дан сохта муҳр ва имзо билан олинган юз миллиондан зиёд пулларни менинг бўйнимга қўйиб, шахсий мол-мулкларимга эгалик қилиш эканлиги маълум бўлди.
 
Прокуратура томонидан тафтишчилар хулосасидаги камомаднинг катта қисми асоссиз эканлиги аниқланиб, жиноят ишининг бир қисми қарор асосида тугатилди. Аммо Бухоро вилоятига хизмат сафарим вақтида, яъни 2016 йилнинг 21 май  куни  номаълум шахси сохта муҳр билан “Агробанк” Гурлан филиали кассасидан 55 миллион, 2016 йилнинг 9 июнь  куни Қозоғистоннинг Атирау вилоятига сафар вақтимда олинган 75 миллион сўм пуллар шу тафтишчилар томонидан менинг бўйнимга юклатилди.
 
Шу пулларни кимлар олганлиги, сохта муҳр билан олинган пуллар ўғирлик эканлиги, бу пуллар биржа савдоси учун  ўтган ёки ўтмаганликларини текшириб кўришни сўраб тегишли ташкилотларга қайта-қайта қилган мурожаатларим бесамар кетди. Қисқаси, 2017 йилнинг 30 август куни Жиноят ишлари  буйича Гурлан туман суди томонидан моддий зарарнинг анча қисми қопланган деб ҳисобланди ва 157 миллион  670 минг  800 сўмлик мол-мулким Ҳукм конуний кучга киргач, Гурлан туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари  томонидан сотувга чикарилсин ва ундан тушган пул маблағларидан  89 209 566  сўм  “Гурлан  савдо “  шуъба  корхонаси ҳисобига ўтказилсин, дея ҳукм чиқарилди.
 
Шу тариқа емаган сомсамга пул тўлашга мажбур бўлдим. Буниси етмаганидек жиноятчига чиқиб, ахлоқ тузатиш ишига жалб қилиндим. Ишни қайта кўришни, қайта тафтиш ўтказишларини, мен йўқ бўлганимда “Агробанк” дан сохта муҳр билан олинган 130 миллон сўмни ким олиб қаерга сарфлаганини, суд белгилаган зарардан ташқари хатланган мол-мулкимни қайтариб беришни ва асосийси Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан қурган совуқхонага қарз олиб қўшган 15 миллиондан зиёд АҚШ долларини қайтаришга ёрдам беришни сўраб Гурлан туман ички ишлар бўлмидан тортиб, Олий Судгача мурожаат қилдим. Аммо бирон-бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи арзимни тингламади.
 
Ўз ўрнида “Хоразм кафолат савдо” акциядорлик жамиятидан дивидент ва фоизлари билан бирга 55 минг 144 АҚШ доллари ҳамда 205 миллион 770 минг сўм миқдоридаги менга етказилган зарар пулларни ундириб беришни сўраб Шовот туманлараро фуқаролик судига барча далил ҳужжатларни илова қилиб, даъво ариза киритдим. Аммо яна аризам қаноатлантирилмади. Шу юзадан фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят судига ариза топширганимда, ишни менинг иштирокимсиз кўриб чиқиб, туман суди қарорини кучида қолдирди. Бу борада Олий судга шикоят қилганимда эса ҳужжатлар етарли эмас, дея қисқа жавоб ёзишди.
 
Тафтишчилар ими-жимида текширув ўтказсалар, туман судлари далил-исботларимни эътиборга олмаса, вилоят суди иштирокимсиз суд ўтказиб, биринчи инстанция суд қарорини кўллаб-қувватласа, Олий Суд эса ҳужжатлар етарли эмас деб ишни тугатса, додимни кимга айтишим керак.
 
Ахир емаган сомсага миллионлаб пул тўласам-у, аммо, қонуний ҳаққимни, барча далил исбот ва ҳужатталр билан олишга навбати менга етганида нима учун Адолатнинг барча эшиклари тақа-тақ ёпилди. Шу ҳам адолатданми?  Айбим тадбиркор бўлганимми?
 
Тадбиркорнинг айби нима?
 
Тадбиркор Шериммат аканинг барча муаммолари-ю, ғам-ташвишларининг ҳаммасини қоғозга тушира олмадик. Дарду-ҳасратларини тўкиб солгач у елкасидан тоғ ағдарилганидек чуқур тин олди. Юзлари бироз ёришди. Негаки, дардини тинглайдиган, гапларига жим туриб қулоқ тутадиган, ҳасратларини кўнглидан ҳис қилаоладиган лоақал битта бўлса ҳам одам топилганидан хурсанд эди.
Бироқ энди уни  тинч қўймаган саволлар мени ҳам қийнай бошлади. Хўш, ёш бўлатуриб мустақилликнинг илк кунларида биринчилардан бўлиб хусусий новвойхона, кейинчалик шифохона очиб, эл дардига малҳам бўлган тадбиркорнинг айби нима эди?
 
Унинг айби чет эл сармоядорларини жалб қилиб қўшма корхоналар очганими? Бутунлай инқирозга учраган, талон-тарож қилиниб фалаж аҳволга тушган корхонани оёққа турғизганими? Ёки ўн минглаб доллар қарз қилиб четдан музлаткичларни олиб келиб, омборхона қурганими? Балки оиласи, бола-чақаси ризқидан қирқиб ҳар битта қишлоқда дўкон қурдириб, халққа ҳалол хизмат қилганими?
 
Хўш, буюрократиянинг чанггакли тўсиқларидан гоҳ сакраб, гоҳ эмаклаб, гоҳ қуллиқ қилиб ўтиб экспорт-импорт билан шуғулланган бу азми қатъий, шижоатли инсоннинг айби нимада экан...
 
Наҳотки, мана шундай тадбиркорнинг арзини тинглайдиган на бир ташкилот, на бир маҳкама, на бир мард топилмаган бўлса?! Туманлардаги биринчи инстанция судининг ҳукми қатъий бўлиб, энди шикоятга бутунлай ўрин йўқ бўлса. “Гурлан савдо” шўъба корхонасини ими-жимида текшириб судга ўзлари чиқарган хулосани ўтказган тафтишчиларнинг ишини қайта кўриб чиқиш, қайта текширув ўтказиш ва ҳақиқатни жой-жойига қўйиш, наҳотки, шунчалар мушкулмикин. “Хоразм кафолат савдо” ҳиссадорлик жамияти томонидан Ш.Алимовга етказилган зарар миқдорини аниқлаш, аниқланган маблағни тадбиркор ҳисобига ўтказиш, унинг ортиқча хатланган ва буни суд эътироф этган мол-мулкларини қайтаришга кўмаклашиш, наҳотки, шунчалик оғир иш бўлса?
 
Президент Шавкат Мирзиёев: “Шахсий маблағи, ташкилотчилиги билан ҳеч бўлмаганда 2-3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман,” деб турган бир пайтда ўз маблағига юзлаб иш ўринлари очган тадбиркор бир гуруҳ буюрокартлар оёғи остида топталиб ётибди?
                                               
Сўнгги сўз ўрнида
 
Шериммат Алимов ўзининг ҳақлигини исботловчи бир тўп ҳужжатларни олдимга қўяркан, унга: “мана шу ҳужжатлар қайта кўрилиб, маблағларингиз қўлингизга тегса, уни нимага сарфлардингиз?”, дея савол бердим.
 
– Камина “Хоразм Кафолат Савдо” ҳиссадорлик жамиятининг ҳиссадориман. Агар шундай бўлса, улушим эвазига жамиятга қарашли Гурлан туманидаги бир қаватли Универмаг (ишламаётган) ни берсалар, уни кўп қаватли супермаркетга айлантириб, ҳудудида мевани қуритиш ва шунга ўхшаш бошқа цехлар очар эдим. Совуткич омборхоналар қуриб, яна юзлаб ишчи ўринларини яратишим ҳам мумкин. Бундан ташқари, корхонага ажратилган боғ бугунги кунда хароб аҳволда, уни интенсив боғга айлантирсак яна ўнлаб оилалар иш билан таъминланади. Шунингдек, Президент қароридан илҳомланиб, 100 ўринли мактабгача таълим муассасаси қуриб, ишлатиш учун ариза берганман.
 
Очиғи, тадбиркорликнинг қийин кунларидан ўтиб, ҳафсаласи пир бўлган Шериммат Алимовдан: “Жуда чарчадим, чет элга саёҳат қилиб дам олиб келар эдим, ёки энг сўнгги русмдаги машина олиб, данғиллама ҳовли-жой қуриб тинчгина яшардим”, деган жавобни кутгандим.
 
Унинг шашти синган, бутунлай умиди ўлдириб бўлинган деб фикр юритган эдим. Мустақилликнинг илк кунлари 1991 йиллар ҳали бошқалар хусусий сўзининг маъносини англаб етмаган бир даврда хусусий новвойхона очган Шериммат Алимовни бор-будидан айирган бўлсаларда ҳамон унинг азъми қатъий, шижоати сўнмабди.
Мирзабек Жапақов, ҳуқуқшунос журналист.
Акмалхон Эшонхонов таҳрири.

Теглар:Шериммат Алимов тадбиркор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар