...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонун муҳокамага қўйилди


16:45, 14.01.2019 Жамият
 3 098

“Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
 
Мазкур қонун лойиҳаси 5 та боб 30 та моддадан иборат.
 
1-боб. Умумий қоидалар
 
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси
 
Ушбу Қонуннинг мақсади тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан назорат қилиш фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
 
Ушбу Қонуннинг амал қилиши қуйидаги текширишларга татбиқ этилмайди:
 
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни доирасида;
 
коммунал хизматлар етказиб берилиши, истеъмоли ва улар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилишини ҳисобга олишнинг тўлиқ ва ҳаққонийлиги бўйича;
 
давлат муассасалари фаолиятини текшириш;
 
нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини текшириш (улар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ҳолатлар бундан мустасно);
 
Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг доимий муассасалари ва ваколатхоналари фаолиятини текшириш;
 
тадбиркорлик субъектлари ва/ёки уларнинг муассислари ташаббуси билан ўтказиладиган текширишлар.
 
Давлат корхоналари фаолиятини текшириш бюджет ташкилотлари учун ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
 
2-модда. Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
 
Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
 
Солиқ текшируви йўли билан амалга ошириладиган давлат назоратининг ўзига хос томонлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
 
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
 
3-модда. Асосий тушунчалар
 
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
 
давлат назорати – назорат органларининг профилактик тадбирлар, текширишлар ва текширишдан кейинги таҳлил ўтказиш йўли билан тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган фаолияти;
 
назорат қилувчи органлар – тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш ваколати берилган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар;
 
текшириш – тадбиркорлик субъектларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги), улар ишлаб чиқараётган ва реализация қилаётган товарларнинг (бажарилаётган ишлар, кўрсатилаётган хизматлар) қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун назорат қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар йиғиндиси;
 
молия – хўжалик фаолиятини текшириш – солиқ, божхона ва валюта соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг бухгалтерлик, молиявий, статистик, банк ва бошқа ҳужжатларини ўрганиб чиқиш ва таққослаш;
 
текшириш дастури – тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича назорат саволномаси.
 
4-модда. Давлат назоратини амалга оширишнинг асосий тамойиллари
 
Давлат назоратини амалга оширишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
 
жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
 
назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик;
 
тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолиятига аралашмаслик;
 
тадбиркорлик субъекти ҳуқуқининг устуворлиги ва унга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва унинг давлат томонидан назорат қилиниши билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган қонунчиликдаги ноаниқликлар ва ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилади;
 
тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик, унинг барвақт олдини олиш ва профилактикаси самарадорлигини ошириш.
 
5-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида профилактика чора-тадбирлари
 
Назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қуйидагиларга йўналтирилган профилактика чора-тадбирларини амалга оширади:
 
ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш;
 
уларнинг фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш;
 
ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларни аниқлаш, ўрганиш ва уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни бартараф этиш;
 
ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриш;
 
тадбиркорлик субъектларини жавобгарликка тортиш хавфини камайтириш.
 
Профилактик чора-тадбирлар назорат қилувчи органлар томонидан ўзлари тасдиқлайдиган чораклик манзилли дастурлар асосида ҳуқуқий ташвиқотлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
 
Профилактик чора-тадбирлар ўтказиш давомида ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ҳуқуқбузарлик содир этилиши сабабларини ва уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни ўрганиб чиқиши шарт.
 
Профилактик чора-тадбирлар якунларига кўра назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик ёки уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан таклифлар берилади.
 
Профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш ва ҳар қандай кўринишдаги ҳуқуқий таъсир чоралар қўллашга йўл қўйилмайди.
 
6-модда. «Хавфни таҳлил қилиш» тизими
 
«Хавфни таҳлил қилиш» тизими тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятида қонунчиликни бузиши хавфи даражасини давлат назоратининг тегишли соҳасидаги аниқ мезонлар асосида аниқлаш механизмини назарда тутади.
 
«Хавфни таҳлил қилиш» тизими, тадбиркорлик субъектлари томонидан тегишли назорат органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш ҳолларини истисно қилганда, улар билан алоқага киришмасдан қўлланилади.
 
Назорат қилувчи органлар фаолиятига «хавфни таҳлил қилиш» тизимини жорий этиш мезонлари ва тартиби назорат қилувчи органлар томонидан ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда, ўзлари амалга оширадиган назорат хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланади.
 
7-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текшириш ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиш учун асослар
 
Қуйидагилар тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текшириш ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиш учун асос бўла олади:
 
қонунчиликни бузиш ҳолатлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
 
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида «хавфни таҳлил қилиш» тизими натижалари.
 
Қуйидагилар тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти устидан текшириш ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиш учун асос бўла олади:
 
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ ва божхона қонун ҳужжатларини мунтазам равишда (молия йили даврида икки ва ундан ортиқ марта) бузиш;
 
энг кам иш ҳақининг юз бараваридан ортиқ миқдорда солиқ қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланганда;
 
устав жамғармасида эллик фоиздан ортиқ давлатнинг улуши бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ва божхона қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланганда.
 
Ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатларда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тўғрисидаги қарор давлат солиқ қўмитаси органлари томонидан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилганидан сўнг қабул қилинади.
 
8-модда. Текширишларни ташкил қилиш тартиби
 
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш:
 
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган (кейинги ўринларда – ваколатли орган) билан келишилган ҳолда;
 
ваколатли органни хабардор қилиб қўйиш тартибида.
 
Ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ўтказиладиган текширишлар ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
 
Ваколатли органни хабардор қилиб қўйиш тартибида ўтказиладиган текширишлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
 
9-модда. Текширишларни ўтказувчи назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларига қўйиладиган талаблар

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш назорат қилувчи органларнинг қонунда белгиланган тартибда аттестациядан ўтган ва текшириш ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳнома олган мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.
 
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хизмат гувоҳномаси, текширишлар ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳнома ҳамда ушбу Қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлгандагина текширишларга қўйилади.
 
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 
2-боб. Текширишларни мувофиқлаштириш
 
10-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган
 
Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
 
Ваколатли орган ўз ваколатлари доирасида:
 
Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказиш ҳақидаги талабномаларининг асослантирилганлигини кўриб чиқади ва ўрганади;
 
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказишга рухсат бериш ёки уни рад этиш, шунингдек, уларнинг муддатини узайтириш ёки кўчириш тўғрисида қарор қабул қилади;
 
назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назорат қилади;
 
назорат қилув қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўради;
 
давлат назоратини олиб бориш соҳасида ягона ҳисоб ва ҳисоботлар олиб борилишини таъминлайди;
 
назорат қилувчи органларнинг давлат назорати ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш борасидаги фаолиятини баҳолайди ва унинг мониторингини олиб боради;
 
назорат қилувчи органлар томонидан давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти олиб борилишини таъминлайди.
 
Ваколатли органнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича қарорлари назорат қилувчи органлар учун бажарилиши мажбурийдир.
 
11-модда. Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизими
 
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларнинг барчаси назорат қилувчи органлар томонидан мажбурий равишда Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказилади.
 
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллардан ташқари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказмасдан туриб текшириш ноқонуний ҳисобланади.
 
Қонунчиликда белгиланган ҳолларда хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган айрим текширишлар улар якунланган вақтдан бошлаб бир иш куни мобайнида Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказилиши мумкин.
 
Ўтказилган текширишлар якунлари, шу жумладан қўлланилган таъсир чоралари назорат қилувчи органлар томонидан Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимига текшириш якунланган вақтдан бошлаб уч иш куни ичида, қўлланилган таъсир чоралар натижалари эса улар қабул қилинган вақтдан бошлаб уч иш куни ичида киритилади.
 
Белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар тоифасидаги ахборотлар Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимига киритилмайди.
 
Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимини юритиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.
 
3-боб. Текширишларни ўтказиш асослари, муддатлари ва тартиби
 
12-модда. Текширишларни ўтказиш асослари
 
Қуйидагилар ваколатли орган билан келишилган ҳолда текширишлар ўтказиш учун асос бўла олади:
 
ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган рухсатнома;
 
ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси билан келишилган ҳолда назорат қилувчи орган томонидан қабул қилинган ҳамда текширилаётган тадбиркорлик субъектининг номи ва почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами, назорат қилувчи органнинг текшириш олиб борувчи мансабдор шахслари рўйхати, текшириш ўтказишдан мақсад ва унинг вақти, шунингдек, текшириш муддати кўрсатилган қарор;
 
назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш дастури.
 
Хабар бериш тартибида амалга ошириладиган текширишлар ўтказиш учун назорат қилувчи орган томонидан қабул қилинадиган ҳамда ушбу модда биринчи қисми учинчи хатбошида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилган қарор ва назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш дастури асос бўла олади.
 
13-модда. Текширишларни ўтказиш муддатлари
 
Қонунчиликни бузиш ҳолатлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўтказиладиган ёки тадбиркорлик субъектлари фаолиятида «хавфни таҳлил қилиш» тизими натижаларига кўра бошланган тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишларнинг муддати ўн календарь кунидан ошмаслиги лозим.
 
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти устидан ўтказиладиган текширишлар муддати ўттиз календарь кунидан ошмаслиги лозим.
 
Тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишларнинг ушбу Қонун билан белгиланган энг узоқ муддати назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномаси бўйича ваколатли органнинг рухсати билан фақат бир марта узайтирилиши мумкин. Бунда текшириш ўтказишнинг ўзгартирилаётган муддати унинг асосий муддатидан ошмаслиги шарт.
 
Текшириш ўтказиш муддати ёки унинг бир қисми текшириш ўтказишга имкон бўлмаган ҳолларда назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномалари бўйича фақат ваколатли органнинг рухсати билан тўхтатиб турилиши ва (ёки) кўчирилиши мумкин. Бунда кўчирилган муддатдаги текшириш ваколатли органдан кўчириш тўғрисида рухсатнома олинган пайтдан бошлаб ўттиз календарь куни ичида якунланиши лозим.
 
Ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширишларнинг муддатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади. Бундай текширишларнинг муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва кўчириш ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган тартибда ваколатли органни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.
 
14-модда. Текширишларни ўтказиш тартиби
 
Текширишларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 
Текшириш ўтказишни бошлашдан олдин назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси тадбиркорлик субъектининг раҳбари ёки унинг ўрнини босувчи шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорга имзо қўйдирган ҳолда:
 
тадбиркорлик субъектини текширишдан кўзланган мақсад билан таништиради, унга ушбу Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради;
 
ўз хизмат гувоҳномаси ва текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани тақдим қилади;
 
текширилаётган тадбиркорлик субъектига ушбу Қонуннинг 12-моддасида назарда тутилган, текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларнинг нусхаларини топширади;
 
белгиланган тартибда текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдиради.
 
Қонунда белгиланган ҳолларда ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган хатти-ҳаракатлар текшириш якунлангунига қадар амалга оширилади.
 
Тадбиркорлик субъектининг ушбу Қонуннинг 12-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар нусхаларини олишни рад этиши текширишни бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Тадбиркорлик субъекти мазкур ҳужжатлар нусхаларини олишни рад этган тақдирда назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси томонидан далолатнома тузилади. Ушбу ҳолатда далолатнома тузилган вақт текширишнинг бошланган вақти ҳисобланади.
 
Тадбиркорлик субъектларини текшириш фақат назорат қилувчи органнинг текшириш ўтказиш ҳақидаги қарорида кўрсатилган муддатлар, шунингдек, текшириш дастурида назарда тутилган масалалар доирасида амалга оширилади.
 
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишда текшириш ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги беш календарь йил, бошқа текширувларда эса уч календарь йилдан ортиқ муддат қамраб олинмаслиги лозим.
 
Бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш фақат ўтказилган сўнгги текширувдан кейинги, бироқ ушбу модданинг олтинчи қисмида белгиланган ва янги текширув ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги муддатдан ортиқ бўлмаган даврни қамраб олади.
 
Белгиланган тартибда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар тоифасидаги ахборотлар билан боғлиқ текширишлар давлат сирларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги ўзига хосликлар инобатга олинган ҳолда ўтказилади.
 
15-модда. Текширишларни рўйхатга олиш китоби
 
Текшириш бошланишидан аввал тадбиркорлик субъекти текширувчи мансабдор шахсга тегишли қайдларни киритиш учун текширишларни рўйхатга олиш китобини тақдим қилади.
 
Мансабдор шахс текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришни рад этган тақдирда ёки текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этилган маълумотлар билан текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар ўртасида фарқ тадбиркорлик субъекти томонидан аниқланган ҳолларда текширувчи мансабдор шахс текшириш ўтказишга қўйилмайди.
 
Текширишларни рўйхатга олиш китоби ёзма ёки электрон шаклда тўлдирилади.
 
Белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар тоифасидаги ахборотлар текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этилмайди.
 
Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш, шунингдек, унинг электрон шаклини юритиш шакли ва тартиби ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
 
16-модда. Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг текширишларни ўтказишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари
 
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари текширишлар давомида ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
 
тадбиркорлик субъектларидан зарур ҳужжатларни ва текшириш мазмуни ва дастури билан боғлиқ бошқа маълумотларни талаб қилиш;
 
текшириш ўтказиш жараёнини фото, аудио ва видеотехника воситалари ёрдамида ёзиб олиш;
 
текширилаётган тадбиркорлик субъектларига аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиш мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
 
зарур ҳолларда экспертларни жалб қилиш ва қонунчиликда белгиланган тартибда экспертиза тайинлаш;
 
объектив асослар мавжуд бўлган тақдирда ваколатли органга текшириш ўтказиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва (ёки) кўчириш ҳақида талабнома ёки хабарнома киритиш.
 
Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг қонуний талаблари текширилаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.
 
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари текширишлар давомида қуйидаги мажбуриятларга эга:
 
текшириш даврида тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритишига, текширишлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун ўз вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вакилларини жалб этишига, шунингдек, мазкур шахсларнинг ҳозир бўлишига тўсқинлик қилмаслик;
 
тадбиркорлик субъектларига текшириш мазмунига алоқадор саволлар бўйича оғзаки тушунтиришлар бериш, шунингдек, уларга текширишларнинг бориши ҳақидаги маълумотларни тақдим қилиш;
 
белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар тоифасидаги ахборотларнинг ошкор этилмаслигини таъминлаш;
 
текшириш якунланган кунида текширилувчи тадбиркорлик субъектига текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхасини бериш;
 
текшириш ўтказиш вақтида жиноят аломатлари аниқланган ҳолларда қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш.
 
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишлар ўтказишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
 
17-модда. Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
 
Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектлари текширишлар давомида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
 
назорат қилувчи органларнинг текшириш олиб бораётган мансабдор шахсларидан текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларни талаб қилиш, текширувчининг шахсини тасдиқловчи ва текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари билан танишиш;
 
ўтказилаётган текшириш ҳақида, шу жумладан Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизими орқали маълумот олиш;
 
текширишда иштирок этиш учун ўзи аъзо бўлган тадбиркорлик субъектлари бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакилларини таклиф этиш;
 
текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этилган маълумотлар билан текширувчи мансабдор шахс тақдим қилган ҳужжатлардаги маълумотларни солиштириш;
 
текширишга уни ўтказиш учун асос бўлувчи ҳужжатларни тақдим қилмаган, текширув тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилмаган, ўзининг хизмат гувоҳномасини ва текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани кўрсатмаган, текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришни рад этган шахсларни, шунингдек, қарорда кўрсатилган текшириш муддатларига тўғри келмаган ёки бу муддатлар тугаган ҳолларда текшириш ўтказишга қўймаслик;
 
назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларининг ўз ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича талабларини бажармаслик ва уларни текшириш мазмунига дахлдор бўлмаган материаллар билан таништирмаслик;
 
текшириш ўтказишда ҳозир бўлиш;
 
текшириш ўтказиш жараёнини фото, аудио ва видеотехника воситалари ёрдамида ёзиб олиш;
 
таржимон, адвокат ва солиқ маслаҳатчиси хизматидан фойдаланиш;
 
текшириш якунланган кунида назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларидан текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхасини олиш;
 
текшириш мазмунига дахлдор масалалар бўйича тушунтиришлар бериш, шунингдек, текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада изоҳлар ва эътирозлар қолдириш;
 
қонунда белгиланган тартибда текшириш натижалари устидан шикоят қилиш.
 
Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектлари текширишлар давомида қуйидаги мажбуриятларга эга:
 
назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларининг қонуний талабига кўра текшириш мазмуни ва дастурига дахлдор бўлган, текшириш ўтказиш учун зарур материаллар ва ҳужжатларни тақдим қилиш;
 
назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларини текшириш объектларига киритиш;
 
назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларига ўз вазифаларини бажаришида кўмаклашиш.
 
Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
 
4-боб. Текшириш якунларини расмийлаштириш ва текшириш материалларининг назорат қилувчи орган томонидан кўриб чиқилиши
 
18-модда. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани тузиш
 
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан текшириш натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:
 
далолатнома тузилган сана, вақт ва жой;
 
назорат қилувчи орган номи, текшириш ўтказган мансабдор шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми ва лавозими;
 
ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган рухсатнома, текшириш ўтказиш тўғрисидаги қарорнинг санаси ва рақами;
 
фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъекти – юридик шахснинг номи, раҳбари ёки унинг ўрнини босувчи шахс фамилияси, исми, отасининг исми ёхуд фаолияти текширилаётган якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
 
фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектига унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлигини тасдиқловчи далил;
 
текширишда тадбиркорлик субъектлари бирлашмалари аъзолари, адвокат, солиқ маслаҳатчиси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари қатнашганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
 
текширишларни рўйхатга олиш китобининг тўлдирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
 
ўтказилган текшириш муддати;
 
тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширилган даври;
 
текшириш натижалари, шу жумладан текшириш давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар.
 
Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси ва фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъекти – юридик шахс раҳбари (раҳбар бўлмаган пайтда унинг ўрнини босувчи шахс), фаолияти текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор томонидан имзоланади.
 
Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектига текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома топширилган кун текшириш якунланган кун ҳисобланади. Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъекти текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани олишдан бош тортса, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси бу ҳақда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага тегишли қайдларни киритади ва шу пайтдан бошлаб текшириш якунланган ҳисобланади. Бундай ҳолларда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхаси тадбиркорлик субъектига бир иш кунидан кечиктирилмасдан буюртма хати шаклида почта орқали юборилади.
 
19-модда. Текшириш материалларининг назорат қилувчи орган томонидан кўриб чиқилиши
 
Текшириш материаллари назорат қилувчи орган раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан текшириш якунланганидан сўнг ўн иш куни ўтгач, бироқ ўн беш иш кунидан кечиктирмай кўриб чиқилади.
 
Тадбиркорлик субъекти текшириш далолатномаси юзасидан ўзининг ёзма тушунтиришлари ёки эътирозларини текшириш якунланганидан сўнг ўн иш куни ичида тақдим қилишга ҳақли. Бундай ҳолларда текшириш материаллари тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари иштирокида кўриб чиқилади. Назорат қилувчи орган текшириш материалларини кўриб чиқиш санаси, вақти ва жойи ҳақида уни белгиланган тартибда кўриб чиқиш кунига камида икки иш куни қолганда тадбиркорлик субъектига хабар беради.
 
Агар тадбиркорлик субъекти назорат қилувчи органга текшириш материалларини кўриб чиқишда узрли сабабларга кўра қатнаша олмаслигини маълум қилса, назорат қилувчи орган раҳбари ёки унинг ўринбосари текшириш материалларини кўриб чиқиш вақтини уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатга кечиктириш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда тадбиркорлик субъекти хабардор қилинади. Агар тадбиркорлик субъекти такрорий чақирувга қарамасдан текшириш материалларини кўриб чиқишга келмаса, ушбу материаллар, шу жумладан тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган тушунтиришлар ва эътирозлар унинг иштирокисиз кўриб чиқилади.
 
Текшириш материалларини кўриб чиқишда қонунчиликни бузиш аломатларининг мавжудлиги, қўлланилаётган молиявий ва иқтисодий жазо чоралари ҳажми ва тури, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатларининг мавжудлиги, шунингдек, текшириш материалларини кўриб чиқишда аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар аниқланади.
 
Текшириш материалларини кўриб чиқишда баённома тузилиб, унда қуйидагилар кўрсатилади:
 
текшириш материалларини кўриб чиқиш санаси ва жойи;
 
текшириш материалларини кўриб чиқаётган мансабдор шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми ва лавозими;
 
текшириш материалларини кўриб чиқишда иштирок этиш учун ҳозир бўлган шахслар тўғрисида маълумотлар;
 
кўриб чиқилаётган текшириш материаллари;
 
текшириш материалларини кўриб чиқишда иштирок этаётган шахсларнинг тушунтиришлари, уларнинг аризалари ва ушбу аризаларни кўриб чиқиш натижалари;
 
текшириш материалларини кўриб чиқиш давомида ўрганилган ҳужжатлар;
 
текшириш материалларини кўриб чиқиш тўғрисидаги бошқа маълумотлар.
 
Текшириш материалларини кўриб чиқиш баённомаси уларни кўриб чиққан мансабдор шахс ҳамда унда иштирок этган бошқа шахслар томонидан имзоланади.
 
20-модда. Текшириш материалларини кўриб чиқиш якунлари бўйича назорат қилувчи органнинг қарори
 
Текшириш материаллари кўриб чиқиш якунлари бўйича назорат қилувчи орган раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилинади:
 
аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш, етказилган зарар ва/ёки зиённи қоплаш, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликларга такроран йўл қўймаслик бўйича тадбиркорлик субъектига мажбурият юклаш;
 
содир этилган ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектини жавобгарликка тортиш ёки уни рад этиш.
 
Текшириш материаллари кўриб чиқиш якунлари бўйича назорат қилувчи орган қарорида қуйидагилар кўрсатилади:
 
ўтказилган текширишда аниқланган, тадбиркорлик субъекти томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, мазкур ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар;
 
айнан кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ҳамда ушбу ҳуқуқбузарлик ва унга нисбатан қўлланиладиган жазо чораси назарда тутилган қонун ҳужжатининг аниқ нормаси;
 
ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф этиш муддатлари;
 
йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда тадбиркорлик субъектининг жавобгарликдан озод бўлиш ҳуқуқи.
 
Текшириш натижалари ва назорат қилувчи органнинг ваколатларидан келиб чиққан ҳолда қарорда бошқа маълумотлар ҳам кўрсатиб ўтилиш мумкин.
 
Текшириш материалларини кўриб чиқиш якунлари бўйича назорат қилувчи орган қарорининг нусхаси у қабул қилинган кундан бошлаб икки иш кунидан ошмаган муддат ичида тадбиркорлик субъектига тилхат ёздириб топширилади ёки қарор етказилган санани тасдиқлайдиган бошқа усулда етказилади. Қарор нусхасини тадбиркорлик субъектига топшириш имкони бўлмаган ҳолларда у буюртма хати шаклида почта орқали юборилади ва хат жўнатилганидан сўнг уч кун ўтгач топширилган ҳисобланади.
 
5-боб. Якунловчи қоидалар
 
21-модда. Ваколатли орган, назорат қилувчи органларнинг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш
 
Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг қарори, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари устидан ўз хоҳишига кўра юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга ёхуд қонунчиликда белгиланган тартибда бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
 
Юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга шикоят йўллаш тадбиркорлик субъектини худди шундай шикоятни судга ва (ёки) бошқа ваколатли органларга йўллаш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
 
Ваколатли органларнинг ҳудудий бўлинмалари қарорлари устидан йўлланган шикоят ваколатли орган ёки суд томонидан, ваколатли органларнинг қарорлари устидан йўлланган шикоят фақат суд томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
 
Юқори турувчи орган ёки судга шикоят йўлланиши у бўйича давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи қарор қабул қилгунига ёки суд қарори қонуний кучга киргунига қадар шикоят қилинган қарор ёки хатти-ҳаракатни ижродан тўхтатади. Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда инсон ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғдирадиган ҳолатларни бартараф этиш билан боғлиқ хатти-ҳаракат ёки қарорларни бундан мустасно. Тадбиркорлик субъекти шикоят қилинган қарорни қабул қилган ёки хатти-ҳаракатни амалга оширган мансабдор шахс тегишли бўлган назорат қилувчи органни юқори турувчи орган ёки судга шикоят берилганлиги ҳақида тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабардор қилиши шарт.
 
22-модда. Назорат қилувчи органнинг текшириш натижалари тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш
 
Агар текширув ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда ўтказилган бўлса, назорат қилувчи органнинг текшириш натижалари тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилади.
 
Назорат қилувчи органнинг текшириш натижалари тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш масаласи суд томонидан кўриб чиқилади.
 
Назорат қилувчи органнинг текшириш натижалари тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда мазкур қарор текшириш давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун далил ҳисобланмайди.
 
23-модда. Текширишдан кейинги таҳлил
 
Назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйилган мунтазам қонунбузилишларининг сабабларини аниқлаш мақсадида олиб борилган текширишлар натижалари бўйича текширишдан кейинги таҳлиллар ўтказади.
 
Текширишдан кейинги таҳлил фақатгина текширишлар ўтказиш натижалари бўйича олинган маълумотлар асосида амалга оширилади.
 
Назорат қилувчи органлар томонидан текширишдан кейинги таҳлиллар қилиш давомида мунтазам қонунбузилишларининг сабаблари умумлаштирилади, унинг натижалари асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказиш учун таклифлар ишлаб чиқилади.
 
Текширишдан кейинги таҳлиллар давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш, ҳар қандай шаклдаги маълумот ва ҳужжатлар талаб қилиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш, текширишлар ўтказиш ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
 
24-модда. Тадбиркорлик субъектлари ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари фаолиятига аралашмаслик кафолатлари
 
Тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликка мувофиқ ҳолда амалга ошираётган фаолиятига назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг аралашишга ҳаққи йўқ.
 
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунбузилиши ҳолатларини аниқлаган тақдирда, улар ўзлари ваколатга эга бўлган ва айнан ушбу ҳуқуқбузарликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чораларни кўришга ҳақли. Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ҳуқуқбузарлик мавжудлигини тасдиқловчи далилдан тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолиятига аралашиш ёки бошқача тарзда чеклаш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас.
 
Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорлари ёки бошқа хатти-ҳаракати оқибатида тадбиркорлик субъектига етказилган зарар, шу жумладан олинмаган фойда назорат қилувчи органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши шарт.
 
Текширишлар ўтказиш давомида тадбиркорлик субъектлари, текширишда иштирок этиш учун таклиф қилинган тадбиркорлик субъектлари бирлашмалари аъзолари, адвокатлар ва солиқ маслаҳатчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари томонидан назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига аралашиш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
 
25-модда. Назорат қилувчи органларнинг текширишлар ўтказиш фаолияти самарадорлигини баҳолаш
 
Назорат қилувчи органларнинг текширишлар ўтказиш фаолияти самарадорлигини баҳолаш ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишлар ўтказиш фаолияти самарадорлиги қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
 
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида профилактика тадбирларини амалга ошириш, уларнинг қонун ҳужжатларига риоя қилиши даражасини ошириш ва мунтазам қонунбузилишларга йўл қўймаслик;
 
тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйилган ва текширишлар давомида аниқланган ҳуқуқбузарликларни тузатиш учун уларга имкон беришга қаратилган ишларни амалга ошириш;
 
ўтказилаётган текширишларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги.
 
Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишлар ўтказиш фаолияти самарадорлигини аниқланган ҳуқуқбузарликлар, кўрилган ҳуқуқий таъсир чоралари сони, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг давлат даромадларига ўтказилган мулки миқдори асосида баҳолашга йўл қўйилмайди.
 
Назорат қилувчи органларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш натижалари ваколатли орган томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.
 
26-модда. Давлат назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
 
Давлат назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 
27-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
 
28-модда. Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
 
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
 
1) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрда қабул қилинган «____________ тўғрисида»ги 717-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, 1-сон, 8-модда);
 
29-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
 
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
 
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
 
30-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
 
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Теглар:Тадбиркорлик Қонун лойиҳаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар