...
МЕНЮ
ONLINE TV

Руҳий бузилиши мавжуд шахсларни мажбурий даволашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси рад этилди


12:08, 08.01.2019 Жамият
 2 504

Қонун лойиҳаси овозга қўйилди. Бироқ у етарлича овоз ололмади ва қайта ишлаш учун масъул қўмитага қайтарилди.

Аввалроқ, кеча, 7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Йиғилишда депутатлар шахснинг ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий нуқсонлари аниқланган шахсларга нисбатан қўлланиши кўзда тутилган тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари ҳамда бундай чораларни қўллаш тартиби бўйича Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини кўзда тутадиган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 мартдаги “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тайёрланган ушбу қонун лойиҳаси билан юқоридаги кодексларга ижтимоий хавфли қилмишларни содир этган, ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий ҳолати бузилганликдан азият чекувчи шахслар учун жазо билан биргаликда тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тартибини белгилаш ҳамда мажбурлов чораларини ўташ тартибини аниқлаштиришга доир тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.
 
Депутатларнинг фикрича, қонун ҳужжатларида суд-психиатрия экспертизаси ўтказишда аниқланиши лозим бўлган масалалардан бири шахснинг ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий нуқсонлари бор-йўқлиги билан боғлиқ омилдир. Ҳозирги кунга қадар суд-психиатрия экспертизаси жараёнида ушбу тоифадаги шахслар аниқланишига қарамай, қонунчиликда уларга нисбатан ҳеч қандай мажбурий даволаш чоралари кўзда тутилмаган. Лойиҳанинг қабул қилиниши ақли расоликни истисно этмайдиган руҳий бузилишлари аниқланган, суд томонидан жазо тайинланган шахсларга нисбатан жазо билан биргаликда тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ва уларни психиатр шифокорларнинг назоратисиз қолдирмасликка имкон беради.
 
Қонун лойиҳаси юзасидан кечган муҳокамалар жараёнида депутатлар ушбу ҳужжат инсон тақдирига дахлдорлигини инобатга олиб, қонун ташаббускорларига бир қатор ҳаётий саволлар билан мурожаат этди. Баҳс-мунозаралар якунида мазкур лойиҳани норма ижодкорлиги талабларига тўла жавоб берадиган қилиб янада пишиқ-пухта ишлаш таклифи илгари сурилди. Сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилди. Бироқ у етарлича овоз ололмади ва қайта ишлаш учун масъул қўмитага қайтарилди.  
 

Теглар:Қонун лойиҳаси Ялпи мажлис 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар