Қарорда ҳисоблагич ўрнатилган ва ўрнатилмаган ҳолатлар учун алоҳида қиймат белгиланиши қайд этилди.
Қарор билан олдиндан ҳақ тўлаш қоидалари белгиланди:
- ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда – охирги 3 ойнинг ўртача сарфи бўйича;
- ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда ойлик истеъмол нормаси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш амалга оширилади.
Агар истеъмолчи (қайси гуруҳга мансублигидан қатъи назар) ёзма хабарнома олган пайтдан бошлаб 5 кун ичида кейинги ой учун 10-санага қадар 100 фоиз олдиндан ҳақни тўламаса, Мажбурий ижро бюроси уни сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати тармоқларидан узиб қўяди.
Ўзгаришлардан яна бири шуки, энди объект эгаси ўзгарганда истеъмолчи чиқиб кетишидан 7 кун аввал дебиторлик қарзларини узиб, бу ҳақда Бюро (илгари – сув қувури-канализация хўжалиги ташкилоти билан, бундан кейин – ИСКХ) билан далолатнома имзолаши шарт. Истеъмолчи чиқиб кетгач, сувни ҳисобга олиш прибори, пломбаларнинг бутлиги ва қопланмаган дебиторлик қарзи учун (илгари – фақат пломбалар ва ҳисоблагичнинг бутлиги учун) жавобгарлик объектнинг янги эгаси зиммасига юкланади. Бинобарин, агар аввалги мулкдор томонидан қопланмаган қарздорлик аниқланса, уни янги эгаси тўлаши керак бўлади.
Сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш тизимларидан илгари узиб қўйилган (ўзбошимчалик билан уланиш, қарздорлик мавжуд бўлганда ёки шартнома шартлари бажарилмаганда) истеъмолчиларни қайта улашда қуйидаги миқдорда ҳақ ундирилади:
- хусусий уй-жойларда ва кўп квартирали уйдаги хонадонларда яшайдиган жисмоний шахслардан (I гуруҳ истеъмолчилари) –ЭКИҲнинг 2 бараварида;
- қолган гуруҳ истеъмолчиларидан –ЭКИҲнинг 10 бараварида.
Ушбу маблағлар қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига ўтказилади.
Истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилишга асос бўладиган сувни ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳар ойда 1 марта олинади (илгари – ИСКХ ташкилоти ходимлари томонидан ҳар чоракда 1 марта). Шундан сўнг тегишли далолатнома билан расмийлаштириш орқали истеъмолчиларнинг маълумотларига ўзгартиришлар киритилади. У икки нусхада тузилади, биттаси истеъмолчига топширилади.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ – агар ИСКХ ташкилоти даврий қиёсловдан ўтказиш муддати тугаши ҳақида огоҳлантириш хатини олдиндан – камида 30 календарь кун аввал жўнатмаса, сув ҳақи одатдагидек ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида тўланаверади. Қайтадан ҳисоб-китоб қилиш қатъиян ман этилади.
ИСКХ ташкилоти ёки Бюро истеъмолчига огоҳлантириш хати юборгандан сўнг белгиланган муддатда даврий қиёсловдан ўтказилмаган ҳисоблагичнинг кўрсаткичлари инобатга олинмайди, истеъмол қилинган сув учун ҳисоб-китоб эса қуйидагича амалга оширилади:
I гуруҳ истеъмолчилари (хусусий уй-жойларда ва кўп квартирали уйдаги хонадонларда яшайдиган жисмоний шахслар) учун – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган амалдаги сув истеъмоли нормаларига мувофиқ (Қоидаларнинг 87-банди “а” кичик банди бўйича);
қолган барча истеъмолчилар учун – Қоидаларнинг 87-банди “б” кичик бандида белгиланган формула бўйича асосий ичимлик сув тармоғи уланмасининг сув ўтказиш қуввати бўйича.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил бошидан барча гуруҳ истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади.