Жиноятчилар фуқарони ўлдириб юбориш билан таҳдид қилган.
Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ “Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш” бўлимидаги тезкор маълумот ҳамда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи номига Жарқўрғон тумани Узумзор маҳалласида яшовчи, Алижон Сотиболдиев (исм фамилиялар ўзгартирилган) ёзган аризасида 2014 йилда Жарқўрғон тумани нефть база унитар корхонаси собиқ раҳбари Мажид Мажидовга 15 млн сўм пул бергани, аммо пулларини ҳозиргача қайтариб ололмаётганини маълум қилган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Алижон бир неча марта пулларини қайтариб беришни сўраб Мажид Мажидовнинг уйига борган. Бироқ ҳеч қанақа натижа бўлмаган. 2018 йил 2 сентябрь куни Жарқўрғон тумани Обод маҳалласида яшовчи, 1992 йил туғилган Тоштемир деган киши Алижонга қўнғироқ қилиб Узумзор маҳалласида яшовчи, 1980 йил туғилган Салимжоннинг уйига боришини, ўша ерда пулини олишини айтади.
Алижон айтилган манзилга боради. Тоштемир ва Салимжон Алижонни Жарқўрғон тумани Узумзор маҳалласи ҳудудидан узоқроқда жойлашган адирликка олиб бориб, қабр қазишга мажбур қилади. Қўл ва оёқларини боғлаб, қабрга кўмиб ташламоқчи бўлишади. Жиноятчилар 15 млн сўм пулини сўрагани учун Мажид Мажидовнинг обрўсига путур етгани, агарда ширин жони керак бўлса, Cobalt русумли автомашинасини сотиб 50 млн сўм пул бериши кераклигини ва шундагина уни тинч қўйишини айтади.
Бу гапларни эшитган жабрланувчи чорасиз қолганлиги сабабли мазкур шартга рози бўлади.
Шундан сўнг Алижон Денов туманидаги автомашина бозорига бориб Cobalt русумли автомашинасини сотиб, Тоштемир ва Салимжонга улар талаб қилган 50 млн сўмдан 37 млн сўмини ва Cobalt русумли автомашинасига тегишли “сака диск ҳамда шиналарини” бериб юборади. Агар яна қолган 12 млн сўм пулни бермаса оила аъзолари билан биргаликда ўлдириб, йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилаётганини баён этган.
Алижон Сотиболдиев аризасига асосан 2018 йил 18 октярбь куни Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ “Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш” бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида талаб қилинган 12 млн сўм пулнинг 6 млн сўмини олаётган пайтда жиноятчилар қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган қўшимча суриштирув ишлари натижасида Алижон Сотиболдиевни Жарқўрғон тумани Узумзор маҳалласи ҳудудидан узоқроққа олиб бориб, ерга кўмиш ва ўлдириш билан қўрқитиб, ундан 50 млн сўм пулни олиш режасини жиноий гуруҳ ташкилотчиси Жарқўрғон тумани Узумзор маҳалласида яшовчи, 1985 йил туғилган Нозим Нозимович деган фуқаро тузгани ва жиноий йўл билан олинган 50 млн сўм пулни гуруҳ аъзолари ўзаро келишувга асосан тақсимлаб олишгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.