...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев яна бир соҳа бўйича танқидий йиғилиш ўтказди


21:27, 25.12.2017 Жамият
 7 445

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида ҳам мазкур соҳа ривожига алоҳида урғу берилганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 25 декабрь куни маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Ўзбекистонда барча тармоқлар қатори маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Айниқса, шу йил 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашуви соҳа ривожида янги тарихий даврни бошлаб берганди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида ҳам мазкур соҳа ривожига алоҳида урғу берилганди.

Бўлиб ўтган мажлисда ана шу вазифаларни бажариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва ижодий ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилиб, бу борадаги ишларни фаоллаштириш ва янги босқичга кўтариш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди. 

"Маълумки, ҳар бир миллатнинг маданияти ва санъати унинг ғурур-ифтихор манбаи ҳисобланади. Бугунги кунда миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш бўйича олиб бораётган барча ишларимиз шу мақсадга қаратилган. Буюк келажагимизни барпо этар эканмиз, аввало, унинг маданий ва маънавий асосларини мустаҳкам қуришимиз керак", дейди Президент Шавкат Мирзиёев. 

Ўтган бир йил давомида соҳани ривожлантиришга доир салмоқли ишлар амалга оширилди. Биргина Маданият вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасалар фаолиятини янада ривожлантириш бўйича жами 8 та фармон ва қарор қабул қилинди. 

2017 йилда мавжуд 37 театр томонидан намойиш этилган спектаклларни 3 миллион 133 минг мухлис томоша қилди. Йил давомида аҳолига 6 миллиард 72 миллион сўмлик маданий хизматлар кўрсатилди. 

Хитой, Россия, Германия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларда Ўзбекистон маданияти кунлари ва турли санъат кўргазмалари ўтказилди. 

"Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, ҳали бу борада қилинган ишлардан кўра қилинмаганлари, долзарб вазифалар жуда кўп", деб таъкидлади давлат раҳбари. 

Йиғилишда театрларнинг халққа, жумладан, чекка туман, маҳалла ва қишлоқлар аҳолисига маданий хизмат кўрсатиш даражаси бугунги кун талабига жавоб бермаслиги алоҳида таъкидланди. Театрларнинг бу борадаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. 

Шу билан бирга, театрлар фаолиятини ривожлантириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқиш, ўзбек цирки ҳамда миллий рақс санъатини ривожлантириш бўйича ҳам тегишли қарорларни кечиктирмасдан қабул қилиб, бу йўналишларда амалий ишларни бошлаш зарурлиги қайд этилди. 

Аҳоли учун бўш вақтни мазмунли ташкил этиш, одамларнинг маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида 2011-2015 йилларда Ўзбекистонда 225 истироҳат боғини замон талаблари асосида янгидан қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш белгиланган эди. Лекин ҳозирги кунга қадар 140 боғда таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилган бўлиб, ҳомийлар ва тадбиркорлар томонидан маблағ ажратилмагани сабабли 90 боғда режадаги вазифалар тўлиқ бажарилмагани танқид қилинди. 

Йиғилишда Маданият вазирлиги томонидан келаси йил амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор муҳим вазифалар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг аниқ муддатлари белгиланди. Жумладан, маданият ва санъат соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, эстрада, рақс ва оркестр жамоалари фаолиятини танқидий нуқтаи назардан ўрганиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа учун замонавий мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш каби долзарб масалаларга ўз вақтида ечим топиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. 

Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, йиғилишда Бадиий академия фаолиятида бир қатор камчилик ва муаммолар учраётгани, уларни тезлик билан бартараф этиш лозимлигига эътибор қаратилди. Жумладан, Нукус, Бухоро, Шаҳрисабз шаҳарларидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаётгани, Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залини жаҳон стандартларига мос равишда замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш ишлари суст олиб борилаётгани, бу эса юртимизда нуфузли халқаро кўргазмалар ўтказиш имкониятини чеклаётгани қайд этилди. 

Йиғилишда Бадиий академия фаолиятини янада яхшилаш борасида 2018 йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида атрофлича фикр юритилди. Хусусан, тасвирий ва амалий санъат соҳасида хориждаги етакчи санъат масканлари билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш, чет элларда таниқли рассомларимизнинг кўргазмаларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича амалий таклифлар билдирилди. 

Тегишли мутасадди раҳбарларга П.Беньков номидаги Республика рассомлик коллежида 400 ўринли, Республика дизайн коллежида 200 ўринли ўқувчилар турар жойини қуриш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш юзасидан топшириқ берилди. 

Шунингдек, соҳа учун етук мутахассислар тайёрлаш, хусусан, янги даврга мос ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар яратиш ва уларни таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, ўқув муассасаларини замонавий педагогик, ахборот-коммуникация воситалари билан таъминлаш, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. 

Йиғилишда маданият ва санъат соҳаларида сидқидилдан хизмат қилаётган ижодий ва техник ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг уй-жой, ижтимоий ва тиббий шароитларини яхшилаш, гонорарлар миқдорини ошириш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини юзага чиқариш бўйича олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш ғоят муҳим вазифалардан бири экани алоҳида қайд этилди. 

"Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак, мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Халқимизнинг ривожланиш даражаси, аввало, миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият – бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни, аввало, миллий маданиятимизни ривожлантиришдан бошлашимиз лозим", дейди Президент.

Теглар:Шавкат Мирзиёевнинг 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар