Ҳужжат ташкилотнинг расмий тилларига (араб, инглиз, испан, рус, француз ва хитой) таржима қилинди ҳамда БМТда аккредитациядан ўтган барча дипломатик ваколатхоналарга тарқатилди.
Ҳужжат ташкилотнинг расмий тилларига (араб, инглиз, испан, рус, француз ва хитой) таржима қилинди ҳамда БМТда аккредитациядан ўтган барча дипломатик ваколатхоналарга тарқатилди, шунингдек, БМТ расмий ҳужжатлари тизимида жойлаштирилди.
Қуйида ҳужжатнинг тўлиқ матни келтирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати жамият ҳаётининг барча жабҳасида аҳоли фаровонлигини янада ошириш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштиришда давом этмоқда.
Шу маънода, 2017 йил Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи бошлангани билан ёдда қолди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратаяпти. Бунинг учун давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятлари сафарбар этилди.
Бунда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилгани муҳим қадам бўлди. Давлат муассасалари фаолиятида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил декабрь ойида мамлакат парламенти палаталарига Мурожаатномасида аниқ қайд этилганидек, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосий мезонга айланди.
Хусусан, ушбу тамойилни амалга ошириш мақсадида мамлакатда халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини оқилона ҳал этиш бўйича янги тизим жорий қилинди. Бу тизимнинг асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институти сифатида намоён бўлмоқда. Бунда инсон манфаатларини таъминлаш ислоҳотларнинг бош мақсади сифатида белгилаб олинди.
Иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамлар қўйилди. Иқтисодиётни мутлақо янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича қатор қонунлар, фармон ва қарорлар, пухта ўйланган дастурлар қабул қилинди ҳамда улар ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти. Мамлакатда қисқа муддатда 161 йирик саноат объекти ишга туширилди.
Республикада амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт ҳажми қарийб 15 фоиз кўпайди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 854 миллион АҚШ долларига етди.
Мамлакатда миллий валюта — сўмни эркин конвертация қилишга киришилди. Ушбу соҳа либераллаштирилганидан сўнг чет эл валютасининг олди-сотди операциялари ҳажми 1,5 баробар ошди. Ўз навбатида, давлатнинг олтин-валюта захиралари 1,1 миллиард АҚШ долларига кўпайди.
Йил давомида мамлакатда 12 та эркин иқтисодий ва 45 та саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилди ва бу ташкилий чоралар ҳудудларни жадал ривожлантириш имконини бермоқда. Яқин вақт ичида яна 50 та янги саноат зонасини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётир.
Янги иш ўринлари очиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. 2017 йилда янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.
Давлат сиёсатининг ғоят муҳим йўналиши бўлган ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда. Ҳукумат имтиёзли ипотека кредитлари асосида янгиланган намунадаги арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини бажаришга киришди. Шаҳар ва қишлоқларда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Аввалги йиллар билан таққослаганда, уй-жой қурилиши ҳажми кескин ошди. Масалан, 2007 йилдагига нисбатан 20 баробар, намунавий уй-жойлар қуриш дастури бошланган 2010 йилдагига нисбатан 3,5 баробар, 2014 йилдагига нисбатан эса 2 баробар кўп уй-жой қурилди.
Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан аниқ чоралар кўрилди. Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан (тахминан 25 миллион АҚШ доллари) зиёд маблағ йўналтирилди. Ана шу маблағлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароити яхшиланмоқда.
2017 йилда янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилди. 12 та умумтаълим мактаби янгитдан барпо этилди, 320 таси реконструкция қилинди, 152 та мактаб капитал таъмирланди. Шунингдек, 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди.
Яқин 3-4 йилда мамлакатнинг барча ҳудудида минглаб янги боғчалар қуриш ва уларни жиҳозлаш, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтариш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, болаларни ёшлигидан тарбиялашнинг катта ўрни ва аҳамияти эътиборга олиниб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.
Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган махсус мактаблар ташкил этилди. Шунингдек, олий таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кўплаб ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Жумладан, 2017 — 2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди.
Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди.
Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди, моддий-техника базаси мустаҳкамланди, унинг таркибида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг Фанлар академиясига сайлов ўтказилди. Ушбу соҳадаги изчил ишлар битта мақсадни — Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлишини кўзлайди.
Ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларни изчил амалга ошириш мақсадида 2018 йил Ўзбекистонда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.
Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланди. Бундан ташқари, хориждаги етакчи компания ва ташкилотларда тажриба орттириши, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиши учун уларга ҳар томонлама имконият яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бугун Ўзбекистон давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқда. Айнан шунинг учун ҳам 2017 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди ва аниқ вазифалари белгилаб берилди. Бу вазирлик нафақат иқтисодиёт соҳасида, балки бутун жамият ҳаётида энг муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос локомотив ролини бажариши лозим. Жумладан, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунинг учун зарур молиявий ресурсларни сафарбар этиш, мазкур жараёнда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси эътибор марказида бўлади.
Мамлакатда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошлаб юборилди. Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш учун кўплаб вазифалар белгилаб олинди. Бугунги кунда дунёда инновацион тараққиёт моделларини жорий этиш, илғор ғоялар, “ноу-хау” ва “ақлли” технологияларни экспорт қилиш ҳисобидан тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар сони тобора ортиб бормоқда.
Ҳукумат инвестицияларни иқтисодиётнинг реал секторига жалб қилиш, лойиҳаларни шакллантиришнинг бутунлай янги механизмини жорий этишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш устида фаол иш олиб бормоқда. Бу борада биринчи қадам сифатида Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари қабул қилиниб, мазкур дастурларни молиялаштириш фонди ташкил этилди.
Ҳозирги кунда республикада 51 фоиздан зиёд аҳоли қишлоқ жойларда яшайди. Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 17 фоиздан ошмайди. Аграр соҳа маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми эса 10 фоизга ҳам етмайди. Шу муносабат билан қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Бунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилаяпти. Ушбу соҳадаги вазиятни янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистонда “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий ахборот маркази” концепцияларини маҳаллий шароитга мослаштириб татбиқ этиш мўлжалланмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш, масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайди.
Умуман, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши 2030 йилгача Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибида белгиланган мақсадларга муваффақиятли эришишга ҳамда аҳоли фаровонлиги юксалишига, республикадаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга хизмат қилади.