...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев сентябрда АҚШга боради


08:43, 03.03.2017 Жамият
 4 139

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеясининг навбатдаги сессиясида қатнашиш учун Нью-Йорк шаҳрига боради.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг навбатдаги сессиясида қатнашиш учун АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига ташриф буюради. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган мактубида ёзган. 

Бироз аввал, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга мактуб йўллагани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон раҳбари ҳам Антониу Гутерришга жавоб мактубини йўллади. 

Давлат раҳбари мактуб аввалида  Гутерришнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби лавозимидаги масъулиятли фаолиятини муваффақиятли бошлагани билан самимий муборакбод этди ва ушбу ишда юксак омад тилади.  

“2 март куни биз ҳамкорлигимизнинг муҳим санаси – Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлганининг 25 йиллигини нишонламоқдамиз. Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистон мустақил тараққиётида, миллий давлатчилигимиз ва суверенитетимиз жаҳон миқёсида эътироф этилишида энг муҳим асослардан бири бўлди. 

Ишонч билан айта оламанки, мустақил Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида БМТ нуфузини ошириш ва салоҳиятини мустаҳкамлашга, унинг Низомида белгиланган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшди”, дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти.  

Мактубда ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистонга тинчлик, тараққиёт ва ҳамкорлик масалаларини глобал даражада илгари суриш, бугунги даврнинг қатор энг мураккаб халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммоларини ҳал қилиш жараёнида фаол иштирок этиш имконини бергани таъкидланади. 

“Ўзбекистон 1993 йилда илгари сурган ва БМТ кўмагида муваффақиятли амалга оширилган Марказий Осиёда Ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш ташаббуси ядро қуролини тарқатмаслик тартибини таъминлашга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. 

Ўзбекистоннинг Афғонистон можаросига сиёсий йўл билан ечим топишга қаратилган Афғонистон Ислом Республикасига қурол-яроғ етказиб беришга эмбарго жорий этиш бўйича 1995 йилда ва “6+2” мулоқот гуруҳини тузиш бўйича 1997 йилда илгари сурган амалий таклифлари жуда қисқа муддатда етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган фаолиятини бирлаштиришга хизмат қилди”, деб ёзади Шавкат Мирзиёев. 

Президент БМТ билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани ҳақида ёзаркан, собиқ Бош котибларнинг Ўзбекистонга ташрифига ҳам тўхталиб ўтган:

“Бош котиблар жаноб Кофи Аннаннинг 2002 йилда, жаноб Пан Ги Муннинг 2010 ва 2015 йилларда Ўзбекистонга ташрифлари Марказий Осиё минтақасида тараққиётга эришиш ҳамда мамлакатимиз ва БМТ ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Жаноб Пан Ги Муннинг 2010 йилда Оролбўйида бўлгани Орол фожеаси ва экологик офатга туташ минтақаларга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини кучайтиришда муҳим роль ўйнади”. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз хатида Оролбўйи ҳудудидаги муаммолар ва уларни ҳал этишда БМТнинг ролига тўхталиб, унинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. 

“Сизга ва бутун Ташкилотга БМТ шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст жамғармасини тузишга қаратилган саъй-ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдираман. 2017 йил 10 февралда БМТнинг “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол денгизи фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш” дастури амалга оширила бошлангани бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди”. 

Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида сўз очди. 

“Бугун дунё ижтимоий-сиёсий соҳалардан тортиб экологик муаммоларгача қамраб олган турли таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бораётганига дуч келмоқда. Жаҳон иқтисодиётида конъюнктура ўзгараётган, глобаллашув ва рақобат кучайиб бораётган бугунги шароит барча мамлакатларнинг янада барқарор ва уйғун ривожланиши учун мутлақо янги ғоя ва принципларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади. 

Ўзбекистон 2015 йил сентябрь ойида БМТ саммитида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга оширишга доир глобал миқёсда кўрилаётган чора-тадбирларни маъқуллайди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама ва жадал янгилаш учун шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Шу мақсадда 2017 йил 7 февраль куни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг асосини мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-гуманитар ислоҳ қилишнинг концептуал масалалари ташкил этади. 

Ҳаракатлар стратегиясининг асосий қоидалари Барқарор ривожланиш мақсадларига мос эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу самарали ҳамкорлигимиз учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишига ишонаман”. 

Президенти мактуби сўнггида “Сиз билан жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўладиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида учрашамиз, деган умиддаман”, деб ёзади ва Гутерришга мустаҳкам соғлик, омад, масъулиятли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайди.

Теглар:БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон-БМТ Антониу Гутерриш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар