БМТ Бош котиби Ўзбекистон Президенти берган таклифларни юқори баҳолади.
Президент Матбуот хизмати хабарига кўра, Давлат раҳбари июнь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ Бош котиби билан бўлиб ўтган учрашувни катта мамнуният билан эсга олди ҳамда халқаро тараққиётга доир ва минтақавий долзарб масалаларнинг аксарияти бўйича томонларнинг фикр ва қарашлари ўхшаш эканини қайд этган.
Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерришга БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишнинг “йўл харитаси” бўлган Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Президент Стратегия доирасидаги янгиланишлар, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган ғояни ҳаётга татбиқ этишдан иборат Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқлангани, валюта сиёсатининг либераллаштирилиши ҳақида сўзлаб бергани айтилган.
Ўзбекистон Президенти БМТ Бош котибини 10–11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб масалалари бўйича халқаро анжуманда шахсан иштирок этишга таклиф қилди.
Антониу Гутерриш 2017–2020 йилларда БМТ ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича режалар қабул қилинганини юқори баҳолади.
БМТ Бош котиби Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлганини, БМТнинг юксак минбаридан туриб билдирган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилганини таъкидлади.
БМТ раҳбари Ўзбекистоннинг Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чораларини юқори баҳолади.
БМТ Бош котиби Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидани фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни илгари суриш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратиш учун барча имкониятларини ишга солишини билдирди.
Маълумот учун, 9 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Самарқандга ташриф буюрган эди.